Эндигина 19 ёшни қаршилаган Шаҳзод Қодиров кўплаб тенгдошлари қатори қатъий ҳаракати ва меҳнати билан ўз бизнесига эга тадбиркорлар сафига қўшилди. Тошкент туманида истиқомат қиладиган бу йигит “Ёшлар келажагимиз” давлат дастури доирасида 150 миллион сўм миқдорда кредит олиб, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шахобчасини очди. 7 нафар ёшларни иш билан таъминлаб, уларга яхши ойлик иш ҳақи тўлаб келмоқда.

Бугун мамлакатимизда ана шундай фаол, ғоя ва аниқ мақсадига эга, тадбирли, билимдон йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат сиётининг етакчи мақсадига айланди. Айниқса, Президентимизнинг топшириғи асосида жорий “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да барча давлат идоралари бу борадаги тадбирларни самарали амалга ошириш, ҳар бир ёш билан алоҳида ишлаб, уларнинг муаммоларига ечим топиш, катта ҳаётга дадил қадам қўйишида қанот бўлишга фаол киришган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент туман Халқ қабулхонаси ҳам фуқаролардан моддий ёрдам, уй-жой, пенсия ва нафақа тўлови, тадбиркорликни ривожлантиришда банклар кўмаги ва кредит олиш бўйича тушаётган кўплаб мурожаатларни ижобий ҳал этиш баробарида, сектор раҳбарлари иштирокида сайёр қабуллар ташкил этиб, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида боқимандалик кайфиятининг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб бормоқда.

Ниҳол униб-ўсиши учун унга тўғри парвариш зарур. Вояга етгач эса, қаддини мустақил тутиб кета олиши учун кичиклигиданоқ пойдевор ҳозирлаш талаб этилади. Шу жиҳатдан, Тошкент туманидаги “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган йигит-қизлар ҳамда аёлларни касб-ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлаш, бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва муамммоларини ҳал этишга қаратилган тизимли ишлар ўз мевасини бермоқда.

Шунданми, Тошкент тумани Халқ қабулхонасига мурожаатлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. 2020 йил давомида жами 883 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 706 таси, яъни 79,9 фоизи қаноатлантирилган. Бундан 128 таси ижобий ечим топиб, 578 та мурожаат ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали ҳал қилинган. Қувонарлиси, мурожаатчилар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Хусусан, туман қабулхонасига қилинган мурожжатлардан сўнг 2018—2020 йиллар мобайнида “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси томонидан ҳудуддаги 11 нафар йигит-қизга 6 миллиард 173 миллион сўм кредит маблағлари ажратилиб, 141 та янги иш ўринлари яратилди.

Бир қатор ташкилотлар иштирокида 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлиги йили” доирасида ўтказилаётган турли тадбирлар, ҳафтада бир маротаба бўлиб ўтадиган ёшлар билан учрашувларга юзлаб кичик ва ўрта ёш вакиллари жалб қилинаётгани бежиз эмас. Боиси, бу тадбирлар шунчаки ўтказилаётгани йўқ. Уларда ёшлар томонидан кўтарилган муаммоли масалалар, мурожаатларини ижобий ҳал этиш мақсадида йўл харитаси ишлаб чиқилиб, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ижросини таъминлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда. 

Жараёнларда ёшларнинг билим олиши, китобхонлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Ана шундай учрашувлар давомида йигит-қизларга 1800 тадан ортиқ бадиий ва аудио китоблар совға қилинган бўлса, туманда электрон кутубхонанинг ташкил этилиши билимга чанқоқ ёшлар учун чинакам қувончли воқеа бўлди.

Баркамол авлодни тарбия қилишнинг муҳим шартларидан бири спорт ёрдамида соғлом турмуш тарзини олиб бориш, эканини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Тошкент туманида ҳам спортсевар ёшлар талайгина. Шу боис, уларнинг ўз устида ишлаши, ўзини мунтазам спорт машғулотларида тоблаб бориши мақсадида учрашувларда ёшларга мингдан ортиқ  футбол тўплари, 4 та стол тенниси анжомлари, 100 та жамланган шахмат-шашка доскалари, гимнастика инвентарлари ва бошқа спорт турлари анжомлари совға қилинди. Айни пайтда аҳоли улардан фаол фойдаланиб, иқтидорли ёшлар турли спорт мусобақаларида қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Бундан ташқари, Халқ қабулхонасига қилинган мурожаатдан сўнг тумандаги Ахборот-ресурс марказидаги эскириб, яроқсиз  ҳолга келиб қолган китоблар ўрнини тўлдириш мақсадида 700 дона янги адабиётлар, 4 та стол тенниси анжомлари ва спортнинг гимнастика тури бўйича инвентарлар олиб берилди.

 Халқ қабулхонаси ташаббуси билан тумандаги 1-сектор худудида жойлашган Қизғалдоқ маҳалласида истиқомат қилувчи “Ёшлар дафтари”га киритилган жисмоний нуқсони бор ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 24 нафар ёш туман бирлашмасига қарашли кўп тармоқди поликлиника шифокорлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди. Беморларни ЛОР, невропотолог, терапевт ва бошқа мутахассислар кўздан кечириб, уларга керакли тавсияларни берди, зарур даво чораларини белгилади.

Халқ қабулхонаси шунингдек, тумандаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни доимий равишда сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган оммавий сайёр қабуллар ва ёшлар билан учрашувларда аҳоли эътиборига етказиб, банд бўлмаган ёшларни ишга жойлаштириш масалаларига эътибор қаратган ҳолда, бу борадаги ишларни мувофиқлаштириб келмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугун Халқ қабулхоналарида Президентимиз таъкидлаганидек, ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратишга эришилди. Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қиладиган кунларга етиб келдик. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан фуқаролар мурожаатларининг ўз вақтида ўрганилиши, муаммоларга қонуний ечим топилиши халқнинг давлат ва унинг идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

Ҳозирги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўзи давлат ташкилотлари олдига янги-янги вазифаларни қўймоқда. Бу борада айниқса, Президентимизнинг талаби қатъий. Бугун давлат идоралари аввалгидек бепарволик билан ишлай олмайди. Янгича ишлашга мослашсаккина, тараққиётга эришамиз. Зеро, олдимизга қўйилаётган вазифалар замирида элу юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлаш, халқимиз, хусусан, қишлоқ аҳолиси фаровонлигини янада юксалтириш, ҳеч кимдан кам бўлмаган баркамол авлодни тарбиялашдек эзгу ниятлар мужассам.

Шавкат УМИРОВ,   

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Тошкент туманидаги Халқ қабулхонаси

етакчи мутахассиси