Кун тартибидаги асосий масала — Президентимизнинг «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, ёшларнинг касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши, умуман, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун барча шароит ва имкониятларни яратиш.

Йиғилиш давомида Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини жадал ишга тушириш ва уларнинг ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга ёшларни фаол жалб этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Таъкидланганидек, бугунги кунгача республика бўйича 185 та Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилди. Уларда умумий қиймати 2,7 триллион сўмлик 1 561 та лойиҳа амалга ошириляпти. Натижада 36 мингга яқин иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳаларнинг аксарияти ҳозирда амалга ошиш жараёнида. Мисол учун, Андижон вилоятининг Балиқчи туманида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш бўйича корхоналар ишга тушириляпти. Эътиборлиси, ушбу саноат зоналарида ташкил этилаётган янги иш ўринларининг камида 70 фоизи ёшлар учун мўлжалланган бўлади.

Йиғилиш якунлари бўйича мутасадди раҳбарларга ер участкалари, кредит ресурслари ажратиш билан боғлиқ масалаларни тезроқ ҳал этиб, ёш тадбиркорларга бизнес-режалар тайёрлаш, лойиҳа ҳужжатлари ва лойиҳани амалга ошириш бўйича амалий кўмак бериш бўйича ишларни жадаллаштириш топшириқлари берилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.