Жорий йилнинг 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ёшлар масалалари доирасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишидан сўнг, унда кўтарилган масалаларнинг нечоғли катта аҳамиятга эгалиги, ёшларнинг тинч ва фаровон ҳаётимизни таъминлашдаги ўрни, уларнинг бу борадаги қарашлари ҳақида ўйга толдим.
Ўз фаолиятимда нималарга диққат қаратишимиз лозимлиги борасида режалар тузиб олдим. Бунинг учун ёшларга яқин бориб, уларга қулоқ тутиш лозимлигини ҳис қилган ҳолда ҳаракат бошладим. Шу ўйда, олийгоҳ ҳовлисида юрарканман, бир гуруҳ ёшларнинг ўзаро қизғин суҳбатига гувоҳ бўлиб қолдим.
Уларга яқин келиб билдимки, тенгдошларига мурожаат қилаётган йигит университетимизда иккинчи мутахассисликда ўқиётган ёш режиссёр Музаффар Файзиев экан. У шу жараёнда ёнидаги йигит-қизлар билан театр труппаси тузиш борасида маслаҳат қилаётган эди.
Қизиғи, ёшларнинг маслаҳатлашуви бироз муддат олдин мен ҳам режалаштириб ўтирган театр-студия тузиш ғоясига мос эди. Секин улар суҳбатига қўшилиб, ёшларга қулоқ тутиб, кейин мен ҳам ўз ғоямни уларга айтишим билан мамнунлик ила қабул қилишди.
Ўша ернинг ўзида театр-студияга ном қўйдик: “Қақнус”! Ёшлар ҳам анойи эмас. Улар аллақачон биринчи спектакль учун ҳамма тайёргарликни кўриб юришганини айтишди: “Қобил ила Ҳобил”. Декорация ва костюмларни тайёрлашда кўмаклашсак, спектаклни тезда тайёрлаб беришар эмиш. Мени бу ёшлик шижоати завқлантирди.
Спектакль тайёр бўлди. Талабалардан нега бу асарни саҳналаштиришгани ҳақида сўрашим билан ҳар бирлари ўз фикрларини равон ифода қилмоқда. Билишимча, репетицияларда уларнинг ҳамма фазилатлари, жумладан, нутқлари ҳам тарбияланибди.
Энг муҳими, улар асарни бизга керак талқинда – зўравонлик, таҳдидларга қарши кураш талқинида ижро қилишган. Талабалар театр-студияси республикамиздаги, ҳатто чет элларда ҳам қўйилган бу саҳна асарига қўл урар экан, тажрибаларни ўзлаштиришга ҳаракат қилган.
Асар қаҳрамонлари ўрталаридаги муҳаббат ва ғазаб, меҳр ва нафрат, ҳавас ва ҳасад зиддиятлари орқали ҳаёт ва турмуш мазмун-моҳиятига тўғри муносабат шакллантирилади. Бу орқали бугунги дунёда мавжуд зиддиятларга тўғри баҳо бериш, биродаркушликнинг ҳар қандай кўринишига, уни келтириб чиқарувчи омилларига нафрат туйғусини кучайтиришда бу спектаклнинг ўрнини беқиёс ҳисоблайди талабалар.
Асар воқеаси минг йиллардан буён турли кўринишида халқларни жаҳолат ва қабоҳатга қарши маърифат билан курашиб келишига ёрдам беради. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг саодати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир” дея таъкидлаган.
Қолаверса, “Талабаларнинг бўш вақтлари қандай ўтяпти?» деган саволга театр-студиялар яхши жавоб бўлар экан деган хулосага келдим. Шунингдек, “Ёшлар бугун китоб ва бадиий асарларни мутолаа қиляптими?» “Талабаларнинг “олтин давр” руҳи қандай кечаётгани” хусусидаги саволларга ҳам театр-студияларнинг жавоби ҳозир дейиш мумкин.
Чунки унда спектакль орқали бир асар бир неча юзлаб ёки минглаб томошабинларга оммавий ўқиб берилади. Ўз талқини билан эса ҳар қандай террористик гуруҳларнинг ёт ғояларига қарши иммунитетни мустаҳкамлайди. Шунинг учун уни ёшлар орасида кўпроқ намойиш қилишга келишиб олдик.
Яхши тушунишимиз лозимки, ёшлар онги, тафаккури оламни таниш, англаш жараёнида кўп билимларга, шунингдек, дунёда ўзларининг борлигини кўрсатиб қўйишга эҳтиёж сезади. Бунда бўшлиққа йўл қўйиш мумкин эмас, уларга ўзлари танлаган йўналиш фанларидан ташқари кўпроқ содда кўринишдаги билимлар, санъат, адабиёт ва спорт ёрдамчи бўла олади. Театр-студиянинг ва спектакль ёшларнинг ўз иқтидор ва талантларини намойиш этишларига ҳам имкон яратади. Чунки унда бир неча санъатлар: рассомлик, мусиқа, либослар дизайни ва ҳоказолар бирлашади.
Театр ишқибозлари билан келишиб олгач, видеоселектордан кейинги режам бўйича “Ёшлар спорт клуби”ни ташкил қилдик. Шу куннинг ўзида стол тенниси, волейбол, баскетбол, воркаут, бадминтон тўгараклари ўз ишини бошлаб юборди. Шу билан бирга мамлакат чемпионатининг иккинчи лигасида иштирок этиши учун талабалар ўртасида “Лочин” футбол жамоаси ташкил қилинди. Жамоа баҳсларга тайёргарликни қизғин бошлаб юборди.
Талабалардаги жўшқин кайфият, санъат ва спортга бўлган кучли қизиқишни ҳисобга олиб, тезда Кинематография агентлиги Қашқадарё вилоят бўлими ва вилоят мусиқали драма театри жамоалари билан шартномалар имзоланди. Уларга кўра, 6000 талаба “Ўзбеккино” томонидан мўлжалланган бадиий фильмлар намойишига, 5000 талаба спектакллар томошасига жалб этилади. Кинолар ва спектакллар томошалари бошлаб юборилди.
Видеоселекторда таъкидланишича, яқинда 100 мингдан ортиқ ёшлар ўртасида ўтказилган сўровномада улар маҳалласида спорт билан шуғулланишга шароит ҳамда кўнгилочар масканлар етишмаслигини билдирган.
Шундан келиб чиқиб, Қарши шаҳридаги 10 та ёндош маҳаллалар оқсоқоллари билан суҳбатлашиб, уларда мавжуд муаммоларни ўрганиш ва кўмак кўрсатиш чора-тадбирларини белгилаб олдик. Келишувларимизга кўра, маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар орасида бир қатор ишлар амалга оширилади. Жумладан, Мақом ансамблининг концертлари, “Қақнус” театр-студияси спектакллари намойиш этилади ва ижодий жамоалар иштирокида маданий ҳамда кўнгилочар тадбирлар, спортнинг футбол, мини-футбол, баскетбол, волейбол (хотин-қизлар), шахмат-шашка, бадминтон, стол тенниси, кураш ва киберспорт турлари бўйича “Ректор кубоги”, “Университет кубоги” каби мусобақалар, китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида танловлар ва интеллектуал ўйинлар, онлайн викториналар, IТ-мусобақалар ўтказилади.
Видеоселекторда кўрилган муҳим масалалар қаторида ҳар бир вазир, вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, олийгоҳ ректорлари, Миллий гвардия ва ҳарбий қисм командирларига учинчи тоифадаги 50 нафардан эътиборга муҳтож ёшлар номма-ном бириктирилиши белгиланди.
Ҳукуматимиз томонидан белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоятининг Китоб, Яккабоғ ва Касби туманларида истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган, нотинч оила фарзанди, сурункали касали мавжуд ҳамда хорижий миграциядан қайтиб келган 54 нафар ёшлар Қарши давлат университети ректорига бириктирилиб, улар билан манзилли ва мақсадли ишлаш юзасидан амалий ишлар бошланди, ёшларнинг яшаш жойларига борилиб муаммолар ўрганилмоқда.
Умуман, видеоселекторда ўртага қўйилган муаммоларни ечишда биз, ректорлар, проректорлар, умуман олий таълим муассасалари раҳбарлари ва зиёлилари жонбозлик кўрсатишимиз лозим бўлади.
Ёшлар билан ишлаш барча раҳбарларнинг, кенг жамоатчиликнинг, бутун жамиятимизнинг энг устувор вазифаси экан, бу ишда ҳаммамиз камарбаста бўлсак, келажагимиз барқарор тараққиётга эришиши шубҳасиз.
Дилмурод НАБИЕВ,
Қарши давлат университети ректори