Юртимизда байрамлар кўп, лекин ёшларга бағишланган алоҳида тантана, яъни, 30 июнь — Ёшлар кунини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Унинг замирида янги Ўзбекистон ёшларининг порлоқ келажагига қаратилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик мужассам. Мана шундай қувончли кунда, аввало, юртимизда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилгани, уларнинг ижтимоий фаоллиги, Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайиб бораётгани, замонавий, демократик давлатни барпо этишда навқирон авлоднинг муносиб иштирок этаётганини мамнуният билан эътироф этишимиз лозим.

Дарҳақиқат, ёшлар — инновациялар, ғоя ва ечимларнинг битмас-туганмас манбаи. Бугунги кунда ёшлар фаоллиги ҳар қачонгидан ҳам муҳим, зеро, улар жамият тараққиётини ҳаракатлантирувчи асосий кучдир. Шу сабаб, келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши бўлиб, бу йўлда улкан ишлар амалга оширилаётганига гувоҳмиз. Жумладан, ўтган олти йилнинг ўзида ёшлар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлган 106 та қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани ҳам фикримизни яққол тасдиқлаб турибди.

Жумладан, Президентнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий қарори асосида маҳаллаларда ташкил этилган вертикал бошқарув тизими натижасида маҳалла ёшларига кенг имкониятлар яратилди. Ёшлар мурожаатларини кўриб чиқиш муддати 30 кундан 5 кунга, ёрдам кўрсатиш 40 кундан 16 кунга қисқартирилишига эришилди. Ёшлар етакчилар 14–30 ёшдаги 9,1 миллион нафар ёшларнинг ижтимоий ҳолати, бандлиги ва саломатлиги билан боғлиқ маълумотларни жамлаб, “Ёшлар баланси”ни шакллантирди. Айнан ёшлар етакчилари тавсияси асосида кўрсатиладиган ёрдам турлари эса 11 тадан 25 тага етказилди.

Шу асосда ука-сингилларимизни замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, халқаро майдонда рақобатга кириша оладиган баркамол шахслар этиб тарбиялаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, ёшлар билан доимий мулоқот олиб бориш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятнинг муносиб аъзоларига айланиши, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш вазифаси барчамизнинг кундалик фаолиятимиз мезонига айланди. Жумладан, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, ёш тадбиркорларга, айниқса, қизларимизга ҳунармандлик билан шуғулланишлари учун кредит ажратиш, уларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш, фермерликни қўллаб-қувватлаш, фарзандларимизнинг таълим-тарбияси, уларни соғломлаштириш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича муҳим қадамлар қўйилди.

***

Бу борада Ёшлар ишлари агентлиги томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш борасида “Ёшлар дафтари” тизими муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йилнинг ўзида мазкур дафтар орқали 300 минг нафар ёшларга қарийб 600 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Қувонарлиси, 1 июндан бошлаб “Ёшлар дафтари”га кирган талабалар учун давлат ташкилотларида иш ҳақи тўланадиган стажировка тизими жорий қилинди.

 “Ёшлар дафтари” билан ишлашда ёшларни анимация, дизайн, логистика оператори, гид каби замонавий касбларга ўқитишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бу тизим билан мактабларнинг 10–11-синф ўқувчилари ҳам қамраб олинади.

 “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағининг камида 40 фоизи айнан касб-ҳунарга ўқитишга йўналтирилади. Жорий йилда замонавий касбларга камида 25 минг нафар ёшлар ўқитилади. Ушбу дафтар орқали тақдим этиладиган ижтимоий-иқтисодий хизмат турлари 2023–2024 йилларда 1,5 баробаргача оширилади.

***

Шу ўринда 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан “Ёшлар ойлиги” доирасида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган ёшлар фестиваллари ва маънавий-маърифий тадбирлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш зарур.

 “Ёшлар ойлиги” доирасида маҳалла ва туманларда бўлиб ўтган турли тадбир, лойиҳа, оммавий сайиллар ва гала-концертларда 2,4 миллион нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинди. Шунингдек, “Ҳарбий-ватанпарварлик”, “Интеллектуал ўйинлар”, “Спорт-саломатлик”, “Маданият, санъат ва туризм” ҳафталиклари ташкил этилди.

Ойлик доирасида ўтказилган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг республика босқичларида стол тенниси, шашка, енгил атлетика, стритбол, стритворкаут мусобақалари,  касблар танлови (тикувчилик, қандолатчилик, ошпазлик, ҳунармандлик ва сартарошлик) ва рақс мусобақалари ёрқин таассуротларга бой бўлди.  Ғолибликни қўлга киритган 900 нафардан ортиқ иштирокчи муносиб рағбатлантирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Андижон, Жиззах вилоятлари маҳаллаларида маънавият-маърифат тарғибот гуруҳлари томонидан “Маърифат соати”, “Миллий қадриятлар”, “Меҳр-мурувват ва саховат”, “Сиз севган қаҳрамон”, “Маърифат оқшомлари” лойиҳалари орқали 184 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олинди.

Ҳудудларда “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган йирик гала-концерт ва оммавий ёшлар сайилларида 1 миллиондан ортиқ ёшлар иштирок этди.

 ***

Имконияти чекланган инсонларнинг маълум соҳаларда етук кадр бўлиб етишиши, фаолият юритишига кўмак бериш ҳар бир давлатнинг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, чин етим, ногирон, Меҳрибонлик уйида тарбияланган ва боқувчисини йўқотган 729 талабанинг 2,1 миллиард сўмлик тўлов шартнома маблағлари қоплаб берилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташ бадали, оғир касалликка чалинган ва психологик маслаҳатга муҳтож ёшларга даволаниш билан боғлиқ харажатлари учун субсидия ажратилгани ёшларга қаратилган эътиборнинг яна бир ёрқин намунасидир.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда иқтидорли ёшлар учун “Инклюзив Ўзбекистон” бепул саёҳати ҳамда  Меҳрибонлик уйи, “SОS Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмаси ва оилавий болалар уйлари битирувчилари учун “Иқтидор” касб-ҳунар оромгоҳи лойиҳалари ўтказилмоқда.

***

Ўзбекистонда олиб борилаётган ёшларга доир давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотаётир. Натижада Ўзбекистон 2018 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ёшлар кенгашига, 2020 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг Ёшлар ишлари бўйича Кенгашига, 2021 йилда эса Осиёда ўзаро ишонч чоралари бўйича Кенгашнинг Ёшлар бўйича Кенгашига тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинди.

Давлат раҳбарининг ташаббуслари билан мамлакатимиздаМарказий Осиё ёшлар форуми, ШҲТга аъзо мамлакатлар Ёшлар Кенгашининг 15-йиғилиши, ШҲТ мамлакатлари ёшлари ўртасида энг яхши стартап лойиҳаси” танлови, Туркий давлатлар ташкилотининг IV Ёш лидерлар форуми ўтказилиб, Бухоро шаҳри биринчи туркий дунё ёшлар ташаббуслари пойтахти, 2022 йил туркий дунёда “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди.

Шунингдек, Президентининг 2021 йил БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида Пандемиянинг ёшлар ҳуқуқларига таъсири тўғрисидаги резолюсияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тўғрисидаги таклифи ўша йилдаёқ қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилди.

Жорий йил АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги БМТ бош қароргоҳида 193 та давлатнинг ёшлар сиёсатига масъул вазирлик ва идора раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши – “ECOSOC-2023” ёшлар форумида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Мазкур форум ёшларнинг БМТдаги сиёсий мунозараларга ҳисса қўшиши учун асосий платформа бўлиб, қатнашчилар ўз тажрибаларида дуч келаётган муаммоларга инновацион ечимлар бериш юзасидан фикр алмашишлари мумкин. Биз форумдаги чиқишимизда Ўзбекистонда қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, уларни иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни, жумладан, янгиланган конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқлари мустаҳкамланаётгани, умуман юртимиздаги ёшлар билан ишлаш тажрибаси хусусида маълумот бердик.

Бундан ташқари, дунё миқёсида катта ютуқларга эришган ўзбекистонликлар фаолиятини ёшларга етказиш мақсадида “Ўзбекистонлик” лойиҳаси йўлга қўйилиб, “Speys-iks”, “Tesla” компанияларида ишлаётган ватандошлар ҳақида иккита фильм тасвирга олиниб, эфирга узатилди.

***

Илк бор 2016 йил 14 сентябрь кун имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун янги Ўзбекистон ёшларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бироқ, мамлакатимизда барча соҳалардаги каби ёшлар сиёсати соҳасида ҳам амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришлар мазкур қонунни замон талабларидан келиб чиқиб, такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, янада такомиллаштирилди.

Ёшларга оид давлат сиёсатини самарали ташкил этиш ҳамда ёшлар билан ишлаш ва уларнинг интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Янги Ўзбекистон ёшлари тараққиёти” стратегияси ҳам ишлаб чиқилмоқда. Стратегия мазкур соҳани 2030 йилгача ривожлантириш, ушбу йўналишда эришиладиган аниқ мақсадли индикаторларни белгилаш ҳамда ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган вазифаларни ўз ичига олади.

***

Бундай ислоҳотлар тобора такомиллашиб, янгича босқичда давом этмоқда. Жумладан, ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ёшлар билан ишлаш бўйича янада самарали тизим жорий қилинди. Яъни, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 9 миллион нафар ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, улар 3 тоифага ажратилди. Эндиликда улар билан манзилли, аниқ мезонлар асосида “маҳалладан вазирликкача” тизими асосида ишланади.

 Биринчи босқичда “аҳволи оғир” тоифасига киритилган, давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборига муҳтож 396 минг нафар ёшлар ҳар бир вазир ва унинг ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, ректорлар, Миллий гвардия ва ҳарбий қисм командирларига номма-ном бириктирилди. Улар энди ўз ҳимоясидаги ўғил-қизларнинг касб-ҳунар ўрганишига, кредит, субсидия ва кафиллик олиш орқали бандлигига кўмаклашади.

Иккинчи босқичда “ўрта” тоифадаги – турмуш тақозоси билан расмий сектордан иш топа олмаган, лекин иқтисодий фаол 4,6 миллион ёшларимизнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашилади.

Учинчи босқичда “яхши” тоифага киритилган: яхши ўқиётган, тадбиркорлигини йўлга қўйган, расмий секторда ишлайдиган, қобилияти бор, ижтимоий фаол бўлган 4,4 миллион ёшлар билан ҳам алоҳида ишлаймиз. Ёшлар билан ишлашнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш, янгилашга доир ўзгаришлар ниҳоятда ҳаётий бўлиб, ўтган вақт давомида тўпланган тажрибаларнинг маҳсулидир.

***

Бундай ислоҳотлар тўхтаб қолмайди, аксинча, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга янада кўпроқ имконият ва шароитлар яратиш борасида янгича ёндашувлар асосида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилади. Фурсатдан фойдаланиб, барча Ўзбекистон ёшларини Ёшлар куни билан самимий қутлайман. Уларга сиҳат-саломатлик, улкан муваффақиятлар тилайман. Илм ўрганишдан, кўзлаган мақсадларингиз сари дадил қадам ташлашдан асло чарчаманг!

Алишер САЪДУЛЛАЕВ,

Ёшлар ишлари агентлиги директори.