Бир йил аввал пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтган “Сraft Fair Uzbekistan” халқаро ҳунармандлик маҳсулотлари ва технологиялари ярмаркасида иштирок этиб, инсон қўли гул эканига яна бир карра амин бўлган эдик. Аллақачон унут бўлаёзган лойдан ясалган ҳуштаклар-у, дарахтга ўйиб ишланган соатлар, айниқса, андижонлик Абдумалик ака Қосимов ясаган ёғоч машиналар ҳеч кимнинг эътиборидан четда қолмади.
Ўтган ҳам, кетган ҳам лоақал бир марта кўз ташлаб, “қойил-э, баракалла”, дерди. Ёғочдан ясалганига ишонгингиз келмайдиган, ниҳоятда силлиқ ишланган турли русумдаги бу машиналарнинг нархига қизиқувчилар ҳам кўпайди. Ҳунарманднинг “нархларимиз тўрт миллиондан бошланади”, деган гапига жавобан “воой, бу пулга “Спарк” беради-ю”, деб лабини бурганлар ҳам бўлди. Нархларни эшитиб, биз ҳам қимматбаҳоликнинг сири нимада экани-ю, ёғоч машина устасининг фаолиятига қизиқиб қолган ва кейинроқ батафсил гаплашамиз деган мақсадда унинг ташриф қоғозини олгандик.
Тўғри, ёғочдан машина ясалиши оламшумул воқеа эмас. Бу масалага қизиқувчилар интернет орқали аллақачон кўплаб маълумотларни олиб бўлишган. Зеро, 2011 йилда Хитойда шунчаки макет эмас, чинакамига миниб юрса бўладиган, оғирлиги 1,5 тонна, узунлиги 4,5 метрлик ёғоч машина — “Ахиллес” ишқибозларни ҳайратга солган эди. Шунингдек, оддий болға ва қирққичлар ёрдамида 30 кунда машина ясайдиган вьетнамлик уста ҳам кўпчиликка таниш. Бироқ ўзбек дурадгорлари ясаётган ёғоч машиналарга асосан четдан буюртма бўлаётгани эътиборимизни тортди.
— Ҳозирги фаолиятимиз авваламбор ижтимоий тармоқлардан видео юклаш билан бошланган. Чунки биз асосан You Тубе дан даромад топардик, — дейди Абдумалик Қосимов. — Қўл меҳнати билан ясаган буюмларимизни фото, видеога олиб, жараёндан лавҳалар билан интернетга жойлардик. Аста-секин Таиланд, Малайзия, Хитойда ёғочдан машина ясайдиган каналларни кўрдик. Ўзимиз ҳам шуларга ўхшаган канал очиб, ёғочдан машина ясашни бошладик.
Биринчи ясаган машинамизнинг камчиликлари кўп бўлса-да, Ўзбекистонда одамлар илк бор ёғоч машинани кўргани учун илиқ муносабатда бўлишган. Айниқса, ўртоқларим “бу ишингни тўхтатма, қайтанга ривожлантир, ҳали жуда яхши натижа бўлади, ҳеч кимнинг хаёлига келмаган иш бўлибди”, деб мотивация беришган. Шу гаплар таъсиридами, ўзимизда ҳам қизиқиш кучайибми, ҳозиргача ёғочдан турли хил машиналар ясашда давом этяпмиз.
Ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан кўргазмаларда иштирокини канда қилмаяпти. Ҳатто Абу-Дабидаги кўргазмада ҳам муваффақиятли қатнашиб, шартномалар тузишга, янги ҳамкорлар топишга эришди. Ҳунарманддан ёғочдан машина ясаш жараёни ҳақида сўрадик.
— Бу жуда қизиқ ва узоқ давом этади, 15–20 кун, баъзида 1 ойга ҳам чўзилади, — дейди у. — Маҳсулотнинг 97 фоизи ёғочдан. Амартизаторларига ёки пружина балон айланишига подшипник ишлатамиз. Қолган ҳамма деталлари ёғоч. Бунинг учун зарур бўладиган чинор, буғ, ясин, ёнғоқ каби маҳсулотлар — хомашёни Фарғона, Қўқон, Наманган, Тошкентдан олиб келамиз. Асосан чинор ёғочини ишлатамиз. Албатта, буюртма асосида ҳам ишлаймиз. Уларни мижознинг кўнглига ёқадиган кўринишда — ўзи айтгандай қилиб ясаб беришга ҳаракат қиламиз. Ўзимизда асосан “GМ” машиналарига, кейин “07”га қизиқиш катта бўлса, чет элдаги мижозлар кўпроқ “Мерcедес”, “BMW”, тарихий, антиквар машиналарга буюртма беришади.
Ўзбекистонда бизга ўхшаб ёғочдан машина ясайдиган ҳунармандни ҳали учратмадик. Лекин юқорида айтганимдек, Таиланд, Малайзия ва Хитойда бу ҳунарнинг моҳир усталари бор. Менга кўпроқ таиландлик усталар иши ёқади. Улар ўта силлиқ ҳамда чиройли, одамга ёқадиган даражада ишлашади. Насиб қилса, биз ҳам маҳсулотларимиз сони ва сифатини ошириб, ижтимоий тармоқдаги мухлисларимизга янги-янги моделларни тақдим этиш учун бор кучимиз, имконимизни ишга соламиз. “Ўзбекистонда ҳам ёғоч машинанинг усталари бор экан-ку”, деган эътирофнинг ўзи бизга катта куч беради.
***
Ҳа, ўзидан кучлиларга ҳавас қилиш энг яхши фазилатлардан бири. Уларга ўхшашга интилиш эса, ундан-да яхши. Айни пайтда дилига шу мақсадни жо айлаб 5–6 шогирдни етаклаётган, ёғоч ўймакор усталарни ҳамкорликка таклиф қилаётган Абдумалик ака ўз устида тинимсиз ишлайди. Ўта сабрлиликни талаб қиладиган машаққатли меҳнат эса беиз қолмайди.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири