Тадқиқот Эмори университетида (АҚШ) ўтказилди.
Олимлар ўсимлик экстрактларини коронавирусга қарши самарадорлиги бўйича биринчи йирик скринингни якунлашди. Улар Quave лабораториясида табиий маҳсулотлар каталогидан 1800 дан ортиқ экстракт ва 18 бирикмани синовдан ўтказишди.
Тажриба давомида ҳужайра Петри идишларига жойлаштирилди, шундан сўнг уларга вирусли заррачалар таъсир қилинди. Шунингдек, Петри идишларига турли ўсимликларнинг экстрактлари қўшилди.
Натижалар шуни кўрсатдики, Solidago altissima гуллари ва Pteridium aquilinum илдизпояларидан олинган экстрактлар SARS-CoV-2 нинг инсон ҳужайраларига киришини блоклаши мумкин. Иккаласи ҳам Шимолий Америкада ўсади ва маҳаллий қабилаларнинг халқ табобатида қўлланилади. Экстрактлар вируснинг тўртта штаммлари: альфа, тета, дельта ва гаммага таъсир қилади.
Олимлар тўғридан-тўғри экстрактлар билан даволаш самарасиз ва ҳатто хавфли эканлигини таъкидлашди. Улар фақат оз миқдорда фаол бирикмаларни ўз ичига олади, бироқ инсон учун заҳарли бўлган моддаларга бой. Илмий иш муаллифлари вирусга қарши таъсир қилувчи молекулаларни аниқлаш ва ажратиб олишни режалаштирмоқда. Келажакда улар янги авлод дори воситалари учун асос бўлиши мумкин, дейилади mir24.tv сайтида.