ГАЗ-53 русумли юк автомашинаси темир йўлдан ўтишнинг амалдаги қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда ёпиқ турган шлагбаумни айланиб ўтишга уринган. Лекин шу пайти темир йўл бўйлаб 62-сонли «Тошкент—Андижон» йўловчи поезди ҳаракатланиб келаётган. Автомашинанинг айнан ўша поезд локомотивининг ўнг томонига бориб урилиши оқибатида йўл транспорти ҳодисаси содир этилган.
Натижада юк автомобилининг кабинаси қаттиқ техник шикастланган. Ҳайдовчиси эса олинган тан жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, локомотив ва йўловчи поездининг биринчи вагонига ҳам техник шикаст етказилган. Йўловчилар орасида жабрланганлар йўқ. Шикастланган локомотив эса Қўқон локомотив депосига етказилган. Рейсдаги йўловчилар поездини ўрнатилган манзилига бошқа электровоз етказган.
ЙТҲ туфайли йўловчи поезди 42 минутга кечиккан. Ҳозирги пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан ЙТҲ бўйича суриштирув ишлари олиб бориляпти.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати.