Бироқ бу иш осонгина кўчмаслиги ҳам кўпчиликка яхши аён. Энг муҳими, бу муносабатларда ўзига хос юксак дипломатия талаб этилади. Бунга Нью-Йорк шаҳридаги БМТ қароргоҳида ўтказилган Ассамблеянинг 80 - юбилей сессияси ва унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг иштироки, шу муносабат билан Америкада Ўзбекистон раҳбари томонидан ўтказилган музокаралар, имзоланган шартномалар, унинг оташин нутқи теварагидаги фаол муносабатлар ҳам яққол мисол бўла олади.
Биринчидан, мамлакатимиз раҳбарига шундай нуфузли анжуман минбарида нуқт сўзлаш учун энг олдингилардан бўлиб ўрин берилиши;
Иккинчидан, унинг музокара сўзида нафақат малакатимиз ёки марказий Осиё, балки Афғонистон, Ғазо сектори, Украина тимсолида бутун дунёнинг ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб муаммолари қамраб олиниши;
Учинчидан, Янги Ўзбекистонимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг самаралари ҳақидаги жаҳон ҳамжамияти ўрганса арзигулик ибратли жиҳатлардан сессия иштирокчилари тимсолида бутун оламни хабардор қилиниши, инсоният олдида турган, ўз ечимини кутаётган глобал муаммоларда навқирон Ўзбекистоннинг нуқтаи назари ва бу муаммоларни бартараф этиш борасида Ўзбекистон раҳбари томонидан ғоят даражада жўяли таклифлар ўртага ташланиши;
Тўртинчидан, ҳамкорликдаги муайян ишларни амалга оширишда Президентимиз томонидан бевосита Ўзбекистонда ўтказилиши таклиф этилаётган бир қатор ўзаро манфаатли анжуманларни БМТ шафеълигида ўтишига даъват қилиниши жуда катта умумбашарий аҳамиятга моликдир. Бугина эмас, нутқ ва унда илгари сурилган ҳар бир мулоҳаза инсоният тақдирига дахлдор масалалар эканлиги билан нафақат анжуман аҳли, балки бутун жаҳон мутасаддилари эътиборини ўзига қаратгани нафақат Президент, балки унинг оқилона раҳбарлигида қисқагина фурсатда шаклланган Янги Ўзбекистон дипломатияси ишидаги самарадорликнинг ёрқин намунаси, десак бу борада аксиома янглиғ исбот талаб қилмайдиган теоремага асос солган бўламиз
Бу эса мамлакатимиз раҳбарининг ҳар галдагидек, мазкур тарихий анжуманга ҳам ўта пухта тайёргарлик кўргани, Шарқона билимдонлик, ўзбекона донишмандлик асосида мағзи тўқ фикрларни баён қилганининг ҳаётбахш натижаси бўлса керак.
Энг муҳим жиҳатлардан бири шуки, Президентимизнинг машварат аҳли эътиборини қозонгани, худди шунингдек унча мунча давлат раҳбарига пинагини бузмайдиган АҚШдай давлат етакчисининг юксак баҳосига муяссар бўлгани наинки юртимиз фуқаролари, қолаверса жаҳон ҳамжамиятини ҳам бефарқ қолдирмай, бу қувончли ҳолат ҳамон бутун дунё бўйлаб кенг омма эътиборини бамисоли оҳанрабодай ўзига тортмоқда, жаҳондаги энг нуфузли давлатларнинг оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлари, шунингдек қилни қирқ ёрадиган экспертлари томонидан қизғин ва атрофлича муҳокама қилинмоқда. Худди шундан келиб чиқиб, баралла айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистонимизнинг шахдам қадамлари, Президент ибораси билан айтганда, ортга қайтмас ислоҳотлари самараси ўлароқ бу оламшумул ажойиб тарихий воқеа дунё бўйлаб ҳар қандай соф виждонли кишига, жумладан иймон-диёнатли, якдил ва ўзаро ҳамжиҳат малакатимиз аҳлига беқиёс ҳузур, ифтихор-ғурур бағишлаши, ўз иши ва умум иши бўлмиш Янги Ўзбекистонимизни бунёд этишга масъулият билан ёндошишга, Президентимиз атрофида унинг олижаноб ғояларининг муқаррар амалга оширишида камарбаста бўлишга руҳлантириши табиий, албатта!
Умуман олганда, БМТнинг 80-юбилей сессияси, унда эришилган марралар, қабул қилинган режалар дунё ҳамжамиятини ҳамкорликнинг босқичларига олиб чиқишига умид уйғотгани янглиғ, Ўзбекистон Президентининг бу нуфузли анжумандаги тарихий нутқи, унда илгари сурилган умумбашарий ғоялар барча давлат етакчилари, анжуманда иштиророк этган жамики раҳбарлар учун юксак дипломатиядан маҳорат дарси бўлди, десак нутқни тўғри тушуниб етган, холисона идрок этган ва ундан одилона хулоса чиқарган бўламиз.
Зиёвиддин МАНСУР,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.