Бино қурилишида, замонавий ва миллий шаҳарсозлик нормаларига мувофиқлик ва фуқаролар учун энг қулай шароитларни яратишга алоҳида эътибор берилди. Мурожаатчиларга бир вақтнинг ўзида 170 дан ортиқ турдаги хизматларни кўрсатиш имкони яратилди.

Бу ерда электрон навбат тизими, ахборот киоскаси, электрон хизматлардан мустақил фойдаланиш ва саломатлик бурчаклари, болалар майдончаси ҳамда мини-кутубхона ташкил қилинган. Фуқаролар давлат хизматлардан мустақил фойдаланишлари шунингдек, турли имкониятлардан хабардор бўлишлари учун ахборот стендлари ва постерлар қўйилган.

Ушбу Марказ тумандаги 320 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатиш билан бирга, экстерриториал тамойили асосида Тошкент шаҳри ва республикамизнинг барча худудларидан ташриф буюрган фуқароларга ҳам хизмат кўрсатади.

Марказда электрон навбат тизими билан интеграция қилинган махсус платформа мавжуд бўлиб, унинг ёрдамида мижозлар хизмат кўрсатиш жараёни ва хизмат кўрсатган ходимни баҳолаш мумкин бўлади. Бу эса фуқаролар билан қайта алоқанинг муҳим усулларидан бири сифатида мурожаатчилар учун хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга ёрдам беради.

Янги Марказда Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картасини ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш бўйича давлат хизмати жорий этилган бўлиб, Тошкент шаҳридаги 11 та туман Давлат хизматлари марказлари томонидан мурожаатчиларга самарали давлат хизмати кўрсатилмоқда.

Шунингдек, ушбу Марказда давлат хизматларидан фойдаланишда бармоқ изи сканерлари тўлиқ жорий этилди. Унинг ёрдамида электрон рақамли имзо калитларини тасдиқлаш билан боғлиқ жараёнлар амалга оширилади.

Аҳолининг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, давлат хизматларидан фойдаланишда NFC маҳсус қурилмаси ишга туширилди. Унинг ёрдамида ID картадаги фуқаронинг шахси аниқланади ва тизимда аризачининг маълумотлари автомат тарзда тўлдирилади.

Жисмоний имконияти чекланган, турли сабабларга кўра ногирон бўлиб қолган мурожаатчиларга барча шароитларни яратиш мақсадида ногиронлик аравачаси орқали бинога кириш имконини берувчи пандус ҳамда шахсий эҳтиёжлар учун алоҳида хона шунингдек, “surdo-online” хизматлари мавжуд.

Қурилиш-меъморчилик жараёнида замонавийлик ва миллийлик уйғунлашган миллий услубдаги нақшлар ва ёғоч-ўймакорлик безаклари Марказнинг ички дизайнига авоҳида кўкр бағишлайди.

Айниқса, бинонинг иккинчи қаватига қутарилшидаги деволарига қадимги буюк ипак йўли,  тарихий бинолар, табиат дунёси акс эттирилган.    

Мазказнинг биринчи қаватида қабулхона, саломатлик бурчаги, болалар майдончаси, кафе, кенг ва ёруғ кутиш майдонлари ҳамда банк кассаси, иккинчи қаватда эса, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш хонаси, ID паспорт расмийлаштириш хонаси, мажлислар зали, адлия бўлими, юридик хизмат кўрсатиш маркази мавжуд.

Ҳозирда Тошкент шаҳрида 12 та Давлат хизматлари маркази мавжуд бўлиб, уларнинг 7 таси замонавий жиҳозланган биноларга эга.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими