Буни халқаро тиббий ҳамжамият ҳам алоҳида эътироф этди. Энг муҳими, марказ халқимизга манфаат келтиряпти.
Шу марказда ишлаётганимга икки йилга яқин вақт бўлди. Бу йил давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландим.
Куни кеча Президентимизнинг “Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига биноан, “Шуҳрат” медалига лойиқ кўрилдим. Очиғи, бу мен учун кутилмаган воқеа бўлди. Камтарона хизматим юксак эътирофга муносиб топилганидан бошим кўкка етди.
Ўтган муддатда кардиология йўналишида эришилган салмоқли ютуқларга гувоҳ бўлдим. Қўлланаётган янги усуллар туғма юрак нуқсони билан дунёга келган болаларнинг дарддан фориғ бўлиб, саломатлигини тиклашда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Бу жараёнда катта ҳажмдаги жарроҳлик амалиёти қисқа муддатда танага тиғ теккизмаган ҳолда самарали бажарилади.
Юрак туғма нуқсонини томир орқали эндоваскуляр усулда ҳам даволаяпмиз. Бунинг ноёблиги шундаки, қалинлиги 2-3 миллиметрли махсус катетер каби тиббий анжомлар бола юрагига томир орқали киргизилади. Унинг ёрдамида юрак ичи гемодинамикаси ўрганилади.
Томир ва клапанларда торайиш аниқланган тақдирда махсус баллон катетер ёрдамида кенгайтирилади. Агар юракда тешик аниқланса, окклюдер ўрнатиш амалиёти ўтказилади. Бу ишларнинг барчаси 30 дақиқада бажарилади. Қисқа муддат давом этгани учун беморга катта миқдорда наркоз юборилмайди. Танада эса ҳеч қандай жароҳат изи қолмайди. Хаста юрак эгаси 30 дақиқада соғлом болага айланади.
Илгари бу каби операцияларнинг барчаси кўкрак қафасини кесиб, бола юрагини сунъий қон айланиш аппаратига улаган ҳолда, 3-4 соат давом этган. Жарроҳлик амалиётидан кейин бемор 3-4 кун жонлантириш бўлимида ётган, ундан сўнг 6 ойлик тикланиш босқичини ўтаган.
Ҳозир кўкрак қафаси, қорин бўшлиғидаги туғма нуқсонлар каминвазив ва самарадор усулларда қисқа муддатда тиғ теккизмасдан бартараф этиляпти. Табиийки, бу, аввало, бемор болаларнинг ота-онасига катта умид бағишлайди, кўнглига хотиржамлик беради. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтганидан сўнг уларнинг қувончини кўриш, миннатдорлигини эшитиш бизни ҳам мамнун қилади.
Бу амалиёт қиймати мамлакатларда турлича баҳоланади — 10 мингдан 30 минг АҚШ долларигача. Сабаби бунинг учун талаб этиладиган барча тиббий анжомлар АҚШ, Япония, Германия каби технологик ривожланган давлатларда ишлаб чиқарилади ва нархи ҳам баланд.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳозир бу каби мураккаб жарроҳлик амалиёти Болалар миллий тиббиёт марказида мутлақо текин бажарилмоқда. Бу йил ҳисобидан шундай амалиётлар сони мамлакатимиз бўйича мингтага етди. 2023 йилда бундай амалиётлар сонини республика бўйича 2,5 мингга етказиш кўзда тутилмоқда.
Муҳими, сифатга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энг инновацион, жаҳон стандартлари даражасидаги бу каби юқори технологик амалиётлар ёш авлод саломатлигини асраб-авайлаш ва мустаҳкамлашга қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Айни кунларда Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида туғма юрак нуқсони билан оғриган мингдан ортиқ болани кўрикдан ўтказяпмиз. Операцияга муҳтожларини саралаб, жарроҳлик амалиётига тайёрлаяпмиз. Бемор болаларнинг кўпи шу ернинг ўзида операция қилинади. Бу ота-оналарнинг пойтахтга овора бўлиб бориши, ортиқча сарф-харажат, сарсон-саргардонлигининг олдини олади. Фақат энг мураккаб жарроҳлик амалиёти талаб этиладиганлари Болалар миллий тиббиёт марказига олиб борилади.
Музаффар ЖЎРАЛИЕВ,
Болалар миллий тиббиёт маркази
кардиология бўлими шифокори,
“Шуҳрат” медали соҳиби