Мазкур тадбирда институтнинг масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Тадбирнинг асосий мақсади — очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, юридик кадрларни тайёрлаш тизимидаги ислоҳотлар натижаларини ёритиш ҳамда соҳадаги долзарб йўналишларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Дастлаб, пресс-тур иштирокчилари институтда яратилган замонавий шароитлар билан таништирилди. Хусусан, илғор технологиялар билан жиҳозланган аудиториялар, амалий суд-ҳуқуқ жараёнларини моделлаштириш имкониятлари ҳамда рақамли таълим инфратузилмаси ҳақида батафсил маълумот берилди.

— Тузилган дастур асосида бевосита экспертларимиз ўқитилади ва уларнинг малакаси оширилади. Эндиликда ушбу жараёнлар амалиёт билан уйғун ҳолда олиб борилади. Шунингдек, халқаро экспертлар ҳам жалб этилган бўлиб, улар томонидан ҳам тегишли тажриба ва билимлар улашилмоқда, — деди Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти матбуот котиби Нуринисо Нурмуҳаммедова.

Шундан сўнг институтнинг бир йиллик фаолияти юзасидан ҳисобот тақдим этилди. Унда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги устувор йўналишлар кенг ёритилди. Шунингдек, ОАВ вакиллари иштирокида очиқ савол-жавоблар ташкил этилди.

Таъкидланганидек, қисқа вақт ичида катта миқдордаги тингловчилар қамраб олинди. Шу билан бирга, таълим сифати масаласи доимо устувор бўлиб қолаётгани, натижадорликни реал баҳолаш ва амалий самарадорликни ўлчаш механизмлари жорий этилгани қайд этилди.

Институт фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги ПФ–80-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган. Мазкур Фармон асосида Адлия вазирлиги ҳузуридаги тўртта малака ошириш маркази негизида ягона институт шакллантирилган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сон қарори билан унинг асосий фаолият йўналишлари белгилаб берилган.

2025 йил давомида институт томонидан 423 та малака ошириш гуруҳи ташкил этилиб, 37 672 нафар тингловчи ўқитилди. Улардан 17 638 нафари адлия тизими ходимларидан иборат бўлди. Масофавий таълим орқали эса 31 527 нафар тингловчи қамраб олинди.

Узлуксиз касбий ривожланиш платформалари орқали 15 900 нафардан ортиқ тингловчи жалб этилди. 2025 йил IV чораги якунига қадар 443 та замонавий ўқув модули ишлаб чиқилди.

Маҳалла тизими билан ҳамкорлик доирасида 3 893 нафар маҳалла раиси ўқитилди, 1 054 нафари медиаторликка тайёрланди ва 2 839 нафари ҳуқуқий билимларини оширди. Бундан ташқари, 793 нафар педагог қайта тайёрланди.

20 нафарга яқин хорижий экспертлар иштирокида халқаро стандартлар асосида курслар ташкил этилди.

Халқаро ҳамкорлик йўналишида 15 та меморандум имзоланди, 30 га яқин хорижий ташкилот билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. 17 та учрашув ва 12 та халқаро тадбир ташкил этилиб, 20 нафар хорижий эксперт таълим жараёнига жалб қилинди. 30 нафарга яқин тингловчи хорижда малака оширди.

Илмий фаолият доирасида 25 та ўқув-услубий адабиёт ва 74 та илмий мақола тайёрланди. Қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган 20 дан ортиқ лойиҳа ишлаб чиқилди. Шунингдек, 3 та ихтисослик бўйича докторантура йўлга қўйилиб, 30 нафар тадқиқотчи қабул қилинди.

Очиқ мулоқот давомида институт раҳбарияти томонидан келгусидаги устувор йўналишлар ҳам белгилаб берилди. Улар қаторига натижага йўналтирилган баҳолаш тизимини жорий этиш, ўқув дастурларини мунтазам янгилаб бориш, халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш, илмий-тадқиқот фаолиятини кенгайтириш ва очиқликни кучайтириш киради.

Тадбир якунида Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти директорининг биринчи ўринбосари Рустам Хурсанов қуйидагиларни таъкидлади:

— Бу жамоатчилик олдида очиқлик, тизимли ислоҳотларга садоқат ва энг муҳими, касбий ривожланишга берилган эътибор ифодасидир. Малака ошириш бугунги кунда оддий курс эмас, балки амалий натижа берадиган, замонавий муаммоларни ҳал эта оладиган кадрлар тайёрлаш воситасидир. Шу боис биз фаолиятимизни очиқ муҳокама қилиб, келгуси вазифаларни жамоатчилик билан бирга белгилашни мақсад қилганмиз”, — деди Рустам Хурсанов.

Умуман олганда, мазкур очиқ мулоқот институт фаолиятининг очиқлиги, тизимлилиги ва самарадорлигини яна бир бор намоён этди. Энг муҳими, бу тадбир нафақат эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш, балки келажак ривожи учун муҳим йўналишларни белгилаш майдонига айланди.

Мулоқотда бепул ҳуқуқий таълим олиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, айрим соҳа вакиллари учун ҳуқуқий билимларни бепул ошириш имконияти яратилгани, бу борада институтида махсус ўқув курслари йўлга қўйилгани мутахассис томонидан таъкидланди.

— “Маҳалла ҳуқуқшунослик” лойиҳаси доирасида маҳалла раисларининг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган бепул курслар ташкил этилган. Маҳалла раисларини операцион медиатор сифатида тайёрлаш бўйича ҳам бепул ўқув курслари мавжуд, — деди Институт директорининг ўринбосари Фирузбек Маҳмудов.

— Шу билан бир қаторда, умумтаълим ва профессионал таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан дарс берадиган, олий юридик маълумотга эга педагог кадрлар учун 4 ойлик бепул қайта тайёрлаш курслари ташкил этилган ва 2026 йил якунига қадар мазкур курсларда тегишли педагог кадрларимиз бепул равишда таълим олишлари мумкин бўлади, — деди у.

Мазкур ташаббуслар аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мутахассисларнинг малакасини юксалтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни ривожлантиришга хизмат қилади.

Зулхумор АКБАРОВА