Инсон ким ва қандай шароитда бўлмасин, доим ҳамроҳ, ҳамфикрга эҳтиёж сезади. Бу, айниқса, муҳим қарорлар қабул қилишда яққол кўзга ташланади. Масалан, Қоражон Алпомишни чоҳдан чиқара олмагач, қандай йўл тутишни билмай ўйланади. Ҳеч бир маслаҳатгўйи йўқ Қоражон телпагини олдига қўйиб: «Қоламизми, кетамизми, маслаҳат бер, телпагим?» дейди. Ваҳоланки, ўша вазиятда кетишдан бошқа чораси йўқ эди.
Одам қабул қилаётган қарори тўғри эканини билса ҳам кимдир қўллаб-қувватлашини, далда беришини истайди. Худди шунингдек, ҳар бир жамиятда шундай маслаҳатчилар бўлади. Уларни биз оқсоқоллар, зиёлилар, деб атаймиз. Бугун уларга ҳар доимгидан ҳам эҳтиёж катта. Сабаби, улар жамият маёғи, ёшларга йўл кўрсатувчи.
Президентимизнинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Қўқон ва Марғилонда нуронийлар, имом-хатиблар, маҳалла фаолларидан иборат Оқсоқоллар кенгаши ҳамда ота-оналар гуруҳларини тузиш таклифи айни муддао бўлди. Мазкур кенгаш ва гуруҳлар мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутади. Чунки уларнинг ҳаётий тажрибаси ёшлар таълим-тарбиясида муҳим аҳамиятга эга.
Бугун навқирон авлод камоли учун жуда кўплаб хайрли ишлар бажарилмоқда. Бунинг самараси эса аллақачон кўзга ташлана бошлади. Маълумотларга кўра, ёшларнинг ижтимоий масалаларга доир мурожаати камайган. Асосан илм-фан, таълим бўйича мурожаатлар кўпайган. Бу, албатта, ислоҳотлар самараси.
Янги тизим туфайли ижтимоий-иқтисодий муаммолар маҳалланинг ўзида ҳал бўляпти. Айни пайтда мазкур йўналишдаги янгиланишлар давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 28 июнь куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар сарҳисоби, янги вазифа ва таклифлар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида яна қатор ташаббуслар ўртага ташланди. Жумладан, ёшларни катта даромад келтирадиган касбларга ўргатиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган лойиҳаларни кўпайтириш бўйича катта ўзгаришлар бўлади. Бунинг учун ҳар йили 100 миллион доллар ажратилади.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси Ёшлар ишлари агентлигига ўтказилади. Жамғарма ёшларнинг энг яхши 500 та лойиҳасини танлаб олади. Уларга «бизнес пакет» қилиб беради. Лойиҳа тайёр бизнесга айланиб, даромад келтиргунча кўмак берилади. Шу тариқа ёш тадбиркорлар ўз бозорини топиб олади.
Бу – йиғилишда олдинга қўйилган мақсадлардан бир қисми, холос. Бундан ташқари, ёшлар ҳаётини тўла қамраб оладиган кўплаб лойиҳалар, истиқболли ташаббуслар илгари сурилди. Уларнинг ҳаммаси навқирон авлоднинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўнглашга қаратилган.
Мазкур йўналишда натижадорлик яхши. Энди ўша илм, моддий таъминот тўлалигича халқ, ватан манфаати учун хизмат қилиши керак. Бунинг учун ёшлар, умуман жамиятга маънавий етуклик зарур.
Жадид боболаримиз нега жонини хатарга қўйиб, бор мол-дунёсини жамиятни уйғоқликка чақиришга, ёшларга илм ўргатишга сарфлади? Чунки улар маърифатпарвар, дунёқараши кенг шахслар эди.
Мамлакатимизда жадидлар каби зиёли қатламни тарбиялашга жиддий эътибор берилар экан, биринчи навбатда, уларнинг маънавий оламини бойитиш керак. Бунинг учун глобал дунё талабларига жавоб берадиган оқсоқоллар зарур.
Замонавий Широқларга эҳтиёж бор
ХХИ асрнинг ижтимоий-сиёсий қиёфасига ортиқча таъриф бериш шарт эмас. Ҳолат шундайки, инсон онги ва қалбини забт этиш осонлашди. Ҳа, уйдан чиқмай дунёнинг исталган жойидаги ёшларни ёт ғоялар ортидан эргаштириш мумкин. Ўзгалар ҳийласига учган кишининг кўзига ҳеч нарса кўринмайди. Унинг учун ота-она, ватан, халқ манфаати, деган тушунчалар бегоналашади. Буни улуғ адиб Чингиз Айтматов «Асрга татигулик кун» романида манқурт ўғил образи билан тўла очиб берган.
Бугунги асримизга келиб инсонни манқуртга айлантириш учун бошига туя терисидан телпак кийдириб, саҳрога улоқтириш шарт эмас. Ижтимоий тармоқлар орқали ёшларга ёқадиган, қизиқтирадиган ахборотлар билан тўйинтириш, ёт маданиятларни тарғиб этиш кифоя.
Ёшлар олтин фонд, деб бежиз айтилмади. Улар илмий салоҳиятини тўлалигича халқ фаровонлиги учун сафарбар этиб, мамлакатни тараққий эттиради. Ёруғ келажакни таъминлайди. Бунинг учун уларнинг қалби ва онгига она юртга муҳаббат ва садоқат чуқур сингдирилган бўлиши керак. Бу тарбиядаги энг мураккаб ва шарафли вазифа.
Шу шарафли ишни уддалай олган шахсларни Широққа ўхшатиш мумкин. Афсонавий қаҳрамон ватан келажаги учун жонини фидо этди. Бу — унинг жасорати. Шундай йўл тутдики, ёлғиз ўзи бутун бошли душман қўшинини йўқ қила олди. Мазкур жиҳат чўпоннинг нақадар оқил, узоқни кўра билганидан далолат.
Давлатимиз раҳбари айтган оқсоқоллар кенгаши аъзолари Широқ каби оқиллик билан, керак бўлса, ундан ҳам аъло даражада иш тутиши керак. Чунки улар зиммасида ЎЗЛИК деган чегарани ҳимоя қилиш вазифаси турибди.
Ҳа, айнан зиммасидаги вазифа. Негаки зиёли, оқсоқол шахсларнинг маънавий бурчи ҳеч қачон ўзгармайди. Президентимиз ташаббуси эса ана шу вазифага янгича, замонга мос ёндашув қилишга чақириқ деб ўйлайман. Айнан шу жиҳати билан ҳам мазкур ташаббус долзарб. Чунки шиддатли давр, глобал сиёсий жараёнлар шуни талаб этмоқда.
Навқирон авлод қалби маърифатга ошно бўлса, ўзи олға интилиб касб-ҳунар ўрганади. Илм йўлидаги машаққатлардан чўчимай, янгиликларга ошиқади. Гап шундаки, аҳолисининг ярмидан кўпи ёшлар бўлган мамлакат учун тарбия биринчи ўринда бўлиши шарт. Илгари сурилаётган ташаббусда ана шу эзгу ният ҳам бор.
Қолаверса, давлатимиз раҳбари шу йил 28 июнда ёшлар билан ўтказилган мулоқот чоғида айни масалани кўтарган эди. Ўшанда тарбияси оғир, қийин шароитдаги ёшлар билан ишлашда янги тизим бўлиши айтилди. Масалан, оилавий ажралиш ёқасидаги, жиноят қилишга мойиллиги бор, мунтазам дарс қолдирадиган ёшлар билан манзилли ишланади. Туман ҳокимлари ҳар ҳафта, вилоят ҳокимлари ва вазирлар ҳар ой камида бир марта ёшлар билан учрашади. Уларнинг муаммоларига ечим беради.
Шу ўринда яна оқсоқоллар кенгаши ва ота-оналар гуруҳларининг аҳамияти кўзга ташланади. Вазир, ҳоким даражасидаги шахслар умумий ҳолат билан таниш бўлади. Аммо чекка маҳалладаги, айтайлик, Эшматнинг қандай муаммоси борлигини, Тошмат нималарни орзу қилишини билмаслиги табиий. Учрашувларда эса ёшлар доим ҳам қалбини очиб гапиравермайди. Ана шундай вазиятда оқсоқоллар кенгаши иш бериши керак. Улар ёшлар қалбидаги ўйларни аниқ билиши, орзу-истакларидан хабардор бўлиши зарур. Шундагина масъулларга тўғри маслаҳат бериб, маёқ вазифасини уддалай олади.
Навоий соғинчи
Оқсоқолларнинг вазифаси ҳеч қачон ўзгармайди, дедик. Масалан, «Алпомиш» достонида Бойсари ва Бойбўри сен-менга бориб қолади. Ўша вазиятда Бойсари оқсоқолларга юзланади. Аммо тўғри йўл кўрсата оладиганлар мум тишлайди. Ёртибой кабилар эса фурсатдан фойдаланиб, ўз манфаати учун гап айтади. Шу тариқа ака-ука юзкўрмас бўлиб кетади. Ҳа, ҳақиқий оқсоқоллар ўзини четга тортса, қарор қабул қилувчи қийналади.
Президентимиз Фарғонага ташрифи чоғида «Ташаббусли бюджет» доирасидаги ишлар ҳақида ҳам тўхталди. Бу йил Фарғонадаги 266 та лойиҳага 340 миллиард сўм ажратилган. Лекин уч ойдан бери кўплаб лойиҳалар бўйича ҳали амалий иш бошланмаган. Давлатимиз раҳбари шу ойнинг ўзида «Ташаббусли бюджет»га вилоят бюджетидан ҳозиргача ажратилмаган маблағни ўтказиш бўйича топшириқ берди. Мазкур ишлар қилинса, 35 та маҳалладаги электр, газ ва йўл масаласи ҳал бўлади.
Ушбу ҳолат учун ҳар биримиз масъулларнинг сусткашлигини танқид қилишимиз табиий ва тўғри ҳам. Аммо масаланинг бошқа жиҳати ўйлантиради. Наҳотки 35 та маҳаллада бирорта кайвони, гапи ҳокимгача етиб борадиган оқсоқол бўлмаса. Улар аллақачон бажарилиши керак бўлган ишни талаб қилиб, амалга ошира олмаса? Давлат томонидан тўғри йўлга қўйилган, маблағи, режаси аниқ бўлган ишлар учун ҳам Президент кўрсатмасини кутиш шартми?!
Шу ўринда Алишер Навоий эсга келади. Ҳазрат ўз даврининг энг замонавий, оқил зиёлиси бўлган. Ҳусайн Бойқаро нега у зотнинг сўзига қулоқ солар, маслаҳатига амал қиларди? Фақат болаликдаги дўсти бўлгани учунми? Фикримча, ундай эмас. Навоий сўз заргари бўлиш билан бирга кенг дунёқарашга эга, маърифатпарвар шахс эди. Сўз ва амал бирлиги, масалани етказа олиш қобилияти, қисқаси, чин оқсоқоллиги сабаб Бойқаро дўстига қулоқ тутарди. Умид қиламизки, оқсоқоллар кенгаши Навоийдек зотлардан намуна олиб иш тутади. Жойлардаги масъулларга ёшларнинг муаммоларини етказиб, жамиятдаги камчиликларни ўз вақтида бартараф этишга ҳисса қўшади.
Шундай зиёлилар ўзини четга тортмай ўртага чиқса, албатта, жамиятда ижобий ўзгаришлар жадаллашади. Масалан, яқин тарихимизда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовдай шахслар яшаб ўтди. Ёш ижодкорлар бирор ишга қўл уришдан аввал Абдулла Орипов нима дер экан, Эркин Воҳидов қандай баҳо берар экан, деган саволга жавоб излаган. Шу орқали масъулиятни ҳис этган, ўнг-сўлига қараб иш тутган.
Шунингдек, ҳар бир соҳанинг оқсоқоллари бўлиши керак. Муҳими, уларнинг борлиги сезилиши, зиёли шахслар Навоий каби масъулиятни зиммасига олиши лозим.
Ҳозирги глобал ўзгаришлар даврида ёшларни ватансевар қилиб тарбиялаш учун ҳар бир маҳалла, туман ва вилоятнинг ана шундай шахслари олдинги сафга чиқиши керак. Бугун Навоий каби шахс ўртага чиқса ҳам бутун жамиятни ортидан эргаштириши қийин. Чунки глобал дунёда ахборот оқими, ўзанлари кўп. Табиийки, бу орқали турфа фикрлилик шаклланади. Ана шу турлича қарашлар битта нуқта — халқ ва мамлакат фаровонлиги учун хизмат қилиши керак. Йўл бошқа, манзил битта бўлмоғи шарт. Бунга фақат ва фақат маърифат тарғиботи орқали эришиш мумкин.
Давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида жуда кўплаб ижтимоий-иқтисодий масалаларни атрофлича таҳлил этди. Янги лойиҳалар, истиқболли режалар ўртага ташланди. Шулар қатори маданият ва маърифат соҳасига алоҳида эътибор берилди. Зеро, эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз, деган эзгу ғоя атрофида бутун жамият бирлашиши керак. Хўш, янги ташаббусдан сўнг бу борадаги ишлар қай йўсин бажарилмоқда?
– Президентимиз фаоллар билан йиғилишда вилоятни ижтимоий демократлаштириш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди. Айниқса, Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарларини ривожлантириш бўйича жуда муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Ана шу мақсадлар учун 28 триллион сўм маблағ ажратилганини алоҳида таъкидлади, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилояти бўлими раҳбари Маъсуджон Сулаймонов. – Фарғона вилоятининг ҳар бир туман ва шаҳри учун алоҳида бир дастур ишлаб чиқилгани айтилди. Бу дастурлар ана шу ҳудудларнинг юксалиши учун хизмат қилади. Масалан, Қўқон шаҳрида маҳаллалар массиви қуриладиган бўлди. Шу билан бирга, Қўқон иқтисодий зонаси кенгайтирилади. У ерда янги лойиҳалар амалга оширилади. Буларнинг ҳаммасидан кўзланган мақсад – аҳоли бандлиги, тадбиркорликни ривожлантириш, инвестициялар жалб этиш. Ижтимоий масалаларнинг аксарияти ана шундай иқтисодий барқарорликка эришиш орқали ҳал бўлади. Шу жиҳатдан иқтисодий ўзгаришлар ҳам маърифат тарғиботчиларининг ишини осонлаштириш учун ташланган қадам деб қабул қиламиз. Қўқон ва Марғилон шаҳарларида тажриба сифатида оқсоқоллар кенгашини ташкил этиш бўйича муҳим ташаббус илгари сурилди. Бу эса биз, маънавиятчилар учун ҳам катта бир воқеа бўлди. Ёшлар тарбияси, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит, маҳаллалардаги оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ниҳоятда долзарб вазифа сифатида белгилаб берилди. Айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгиланди. Бу ҳам мамлакатимизда ёшлар сиёсати устувор вазифа эканини кўрсатди. Ташрифдан сўнг ҳар бир масъул ўзи учун муҳим вазифаларни белгилаб олди. Масалан, шу йил якунига қадар 400 мингта иш ўрни яратиш керак. Бу борада ишлар жадал тус олмоқда. Маънавият соҳасида эса оқсоқоллар кенгашини тузиш, фаолиятини тўғри ташкил этиш борасида кенгашиб, фикр алмашиб олдик. Қисқа муддатда амалий ишлар бошланади. Фарғона вилоятининг улкан ижтимоий-иқтисодий салоҳияти бор. Ўйлайманки, ана шу салоҳиятдан фойдалансак, вилоятимиз иқтисодий жиҳатдан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам янги босқичга қадам қўяди.
Маърифатпарварлик — кўзи тўқ авлоднинг иши
Қорин ғамидан боши чиқмайдиган одам камдан кам ҳоллардагина маънавият ҳақида ўйлайди. «Муҳтожлик, барисин ўйлаб топган сен!» дейди замондош шоир.
Ҳақиқатан ҳам, муҳтожлик инсонни турфа йўлларга бошлайди. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларга кенг ўрин ажратилмоқда. Иш ўрни яратиш, тадбиркорликка имтиёзлар бериш шулар жумласидан.
Ана шу иқтисодий ўсиш ўзлигимизни йўқотиш эвазига бўлмаслигига ҳам жиддий эътибор берилмоқда. Шу жараёнда яна бир муҳим жиҳатни унутмаслик керак. Ўз йўлини топган, кўплаб иш ўринлари яратиб, ютуқларга эришаётган ёшларни ҳам назардан четдан қолдирмаслик зарур.
Бу борада ҳам давлатимиз раҳбари баъзи ташаббусларни илгари сурган эди. Масалан, китобхонликни тарғиб этиш. Бугун ёш китобхон, мутолаага ошно оилалар ўртасида танловлар ўтказиб келинмоқда. Ғолиблар яхшигина рағбатлантирилаётганини ҳам биламиз. Аммо пули бор, рағбатга эҳтиёжи, эҳтимол қизиқиши ҳам йўқ ёшларчи?! Ахир тадбиркорлик қилаётган ёшлар қўлида катта миқдорда маблағ бор. Улар машина олиш учун китоб ўқимайди. Чунки ўзи кимгадир совға қилишга қодир.
Ўйлайманки, уларни ҳам маънавият, адабиёт тарғиботидан четда қолдирмаслик керак. Чунки муҳтож ёки ўртаҳол одамнинг ёлғиз ўзи адашади. Хато йўлга фақат умрини тикади. Қўл остида ўнлаб ишчиси бор, маблағи кўп ёшларнинг хато йўлга кетиши жуда кўп йўқотишларга олиб келади.
Масалан, қимматбаҳо машинада йўл қоидаларини қўпол равишда бузаётган ёшлар топилади. Жамият қоидаларини менсимаслик мамлакат қонунларига бўйсунмасликкача олиб боради. Бундай юриш-туриш эса ёмон оқибатларга олиб келиши кундай равшан.
Давлатимиз раҳбари ёшлар билан мулоқотда яна бир эзгу ташаббусни илгари сурган эди. Яъни уларнинг маънавий оламини бойитиш, адабиётга ошно қилиш учун ёшлар кўчма «Шеърият театри»ни ташкил этиш!
Бундан ташқари, китобхонлик маданиятини юксалтириш, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёт намуналарининг таржималарини халқаро оммага етказиш борасида ҳам ташаббуслар илгари сурилди. Мана шу ташаббусларни бевосита тадбиркор ёшлар ҳаёти билан ҳам боғлаш керак, назаримда. Эҳтимол, «Шеърият театри» учун ёш тадбиркорлар ҳомийлик қилар. Албатта, бунинг эвазига муайян имтиёзлар берилиши адолатли бўлади.
Ёки айнан тадбиркорлар ўртасида, уларни қизиқтира оладиган китобхонлик танловлари ташкил этилар. Нима бўлса ҳам уларнинг ижодкорлар билан яқин дўст бўлишига эришиш керак, деб ўйлайман. Бу дўстлик кейинчалик ишбилармон ва зиёлининг ҳамфикрлилигига хизмат қилади. Бошқача айтганда, ҳар бир тадбиркорнинг ўз зиёлиси, оқсоқоли ҳам бўларди.
Ёшлар ҳозир ижтимоий масалалардан кўра кўпроқ илм-фанга оид ишлар борасида мурожаат қилаётганини айтдик. Бу аслида жуда катта воқеа. Мамлакатдаги ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Йигит-қизлар яқин-яқингача арзини кимга айтишни ҳам билмасди. Қисқа муддатда ижтимоий масаладан кўра муҳимроқ мавзулар ҳақида ўйлаяпти. Энди буни янада юксалтириш, иқтисодий фаровонликни ошириш баробарида, маънавий чегараларимизни ҳам мустаҳкамлаб бораверишимиз шарт. Бунинг учун бизда имконият ҳам, салоҳият ҳам етарли.
Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири