Севимли адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак” асари қаҳрамонини китобхонлар яхши билади. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қиз ҳам ўша қаҳрамонга жуда ўхшайди. Жуссаси кичик, аммо зиммасига ўзидан улкан вазифа олган ва тиниб-тинчимайдиганлардан хилидан.

Мухлиса Мамажонова Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида туғилган. 22-баҳорини қаршиламоқда. Оилада тўнғич фарзанд. 2015 йилда Наманган давлат университети ҳузуридаги 2-академик лицейига ўқишга кириб, уни муваффақиятли тамомлаган. Сўнгра 2018 йилда “Oxford Brookers”нинг “International school of finance and technology” нодавлат таълим муассасасида билимини оширган. Ҳозирда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 4-босқич талабаси. Онаси вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходими, отаси тадбиркорлик билан банд.

У мамлакатимиздаги ёшлар ташкилотининг етакчи аъзоларидан. Журналистика ва PR соҳаси ҳамда жамоат ишларидаги фаоллиги, ташаббускорлиги, ташкилотчилиги, талабчанлиги, намунали хулқи, самимий муомаласи билан тенгдошлари ва жамоатчилик ўртасида алоҳида ҳурматга сазовор. Намунали интизоми, зийраклиги, ишчанлиги ва берилган топшириқларга масъулият ва виждонан ёндашиши билан ажралиб туради. Жамоатчилик унинг устувор йўналишига айланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси ва матбуот котиби. Қолаверса, Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази ҳамда “Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳам ахборот хизмати раҳбари лавозимида самарали фаолият юритмоқда.

Халқаро ва республика миқёсидаги кўплаб ижтимоий-сиёсий тадбирларда, анжуманлар ва конференцияларда фаол қатнашади. “Республика лидер қизлар” фестивали ғолибаси ва “Қизлар овози” III Pеспублика форуми иштирокчиси. Кейинги тўрт йил давомида АҚШ, Буюк Британия, Испания, Ҳиндистон, Россия, Украина, Польша каби йигирмадан ортиқ давлат томонидан ўтказилган турли халқаро илмий-амалий конференциялар ва танловларда қатнашиб, қирққа яқин халқаро сертификат ва дипломларни қўлга киритган.

Хусусан, 2022 йил 11-16 июнь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Ёшлар ва спорт вазирлиги томонидан ташкил этилган “ICYF Media training for young journalists” халқаро саммитида Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида қилган тақдимоти билан қирқдан зиёд давлат экспертлари эътирофини қозонди ва иккита халқаро сертификат олди. Мухлисанинг эришган ютуқлари талайгина. 2020 йилда Қозоғистоннинг “Бобек” умуммиллий ҳаракати уюштирган “Йил талабаси” ҳамда 2021 йилда “МДҲнинг энг ёш олимаси” танловларида 1-ўринни эгаллаб, олтин медаль ва диплом билан рағбатлантирилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати аъзоси сифатида 2020-2021 йилларда ҳудудларда ёшларга оид давлат сиёсати тарғиботини ва Ҳаракатнинг иш режасида белгиланган вазифаларнинг жойлардаги ижросини таъминлашда, шунингдек, “COVID-19” пандемияси даврида “Юракдан юракка” хайрия акцияларини ташкиллаштиришда салмоқли ишларни амалга оширди. Имконияти чекланган ва ижтимоий муҳофазага муҳтож ёшлар қатлами ва кам таъминланган аёллар билан очиқ мулоқотлар қуриб, уларнинг таклиф ва муаммоларини ўрганди.

- Иқтидорли қизимиз давлат раҳбари назарига тушганлардан бири. 2021 йил 18-19 февраль кунлари Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи чоғида Халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида матбуот хизматлари ходимлари малакасини чет элларда ошириб бориш тизимини йўлга қўйишга доир таклифини билдирганида Юртбошимиз тўлиқ қўллаб-қувватлади, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов. - Шунга асосан, бугунги кунда “Эл-юрт умиди” жамғармаси тарафидан Намангандаги давлат бошқаруви органларида ишлаётган бир гуруҳ матбуот котибларини Буюк Британиянинг Ноттингем шаҳридаги нуфузли “Nottingham Trent” университетига жорий йил март ойида малакага оширишга юбориш чоралари кўрилмоқда.

Мухлиса ижтимоий-сиёсий жараёнларда анча фаол. 2019-2022 йилларда Ўзбекистоннинг турли телеканалларида эфирга узатилган ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилинган “Халқаро пресс клуб”, “Ҳаракат ва натижа”, “#ParlamentMuxlisi”, “FAQ” каби кўрсатувларни тайёрлаган. Ҳозир ҳам телелавҳа ва репортажлар орқали чиқишлар қилиб туради. “Янги Ўзбекистон”, “Маърифат”, “Ёрқин ҳаёт”, “Ёш куч” сингари газета ва журналлар ҳамда қатор веб-сайтларда мунтазам равишда мақолалари чоп этилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг фикрича, Мухлиса Музаффар қизи ҳар доим жамоат юмушларида ҳозиру нозир. Ватан келажагига дахлдор бўлиб, жамият муаммоларига ечим излаш, гендер тенглик, инклюзив таълим тамойиллари тарғиботида, ёшлар муаммоларини таҳлил қилиш ва илмий-тадқиқот жараёнларида туну кун изланади. “Zamin” халқаро фонди ҳомийлигида ўтган йил ноябрь ойида “ECO-IT” таълим оромгоҳини ташкил қилишдаги жонбозлиги учун Фонднинг махсус сертификати билан тақдирланди. Соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда “Raqamli avlod” ўқув-тадқиқот лабораториясини очиб, заиф эшитувчи болаларга мўлжалланган инклюзив методика яратиш лойиҳасини кўнгилдагидек бажарди.

Мухлисанинг самарали меҳнатлари инобатга олиниб, 2021 йил “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишони топширилди. 2022-2023-ўқув йили учун Навоий номидаги давлат стипендияси соҳибаси. Адабиётнинг шеърият йўналишида ҳам ижод қилади. “Капалакжон, капалак” номли шеърий тўплами чоп этилган. Айни дамда инглиз тилини чуқур ўзлаштирмоқда, яна испан ва туркчага қизиқиши баланд. 2022 йили инглиз тили бўйича тест натижаси – IELTS баҳолаш мезонида 6,5 балл кўрсаткичга эга бўлди, халқаро TESOL/TEFL сертификатини олди.

Дарвоқе, у ҳақда янги хушхабарлари бор. Яқинда Буюк Британиянинг Леcтер университети (University of Leicester)нинг Халқаро муносабатлар магистри дастурига бир йиллик ўқишга қабул қилинди. Бундан ташқари, “Топ 100”таликдаги Буюк Британиянинг Glasgow университети магистратураси талабаси бўлди. Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Президент фармонига мувофиқ, Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган Мухлиса Мамажонова пойтахтдан қайтиб, мамнун ҳолда биз билан таассуротларини ўртоқлашди:

- Юксак мукофотни шахсан Президентимиздан қабул қилиб олаётганимда мен билан бироз суҳбатлашиб, шундай таъкидлади: “Қизим, университетингизни катта умидлар билан ташкил қилганмиз. Мен ОАВга, журналистларга катта куч сифатида қарайман, чунки жамият ривожига ҳисса қўшувчи муҳим бўғиндир. Шу сабабли уларга ҳар жиҳатдан эркинлик ва шароитлар яратиш ҳаракатидаман. Сиз ҳам хорижда ўқиб келиб, юртимиз журналистикаси тараққиёти учун астойдил хизмат қилинг. Сизга ишонаман! Ватанимизга сиздек кадрни тарбиялаб беришгани учун ота-онангизга номимдан раҳмат айтиб қўйинг...”. Бу ҳароратли, қувончли сўзларни ҳаяжон ва диққат-эътибор билан эшитарканман, елкамдаги масъулият ўйлаганимдан-да юқори эканлигини ҳис этдим. Юртбошимиз ишончини оқлашга бор вужудим билан интиламан, жамики салоҳиятимни ишга соламан. Қалбимни адоқсиз ҳайрат ва ифтихор туйғуси чулғагани рост. Ҳа, ҳеч бир меҳнат изсиз кетмайди, албатта. Фурсатдан фойдаланиб, каминани қўллаб-қувватлаган барчага, айниқса, устозларимга миннатдорлик ила чексиз ташаккуримни йўлламоқчиман.

Орифжон ЖЎРАЕВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири