Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси малумотига кўра, Россиянинг Самара вилоятидаги Маштаково чегара пункти ва Оренбург вилоятининг Сагарчинск назорат-ўтказиш пунктида бир неча юз нафар Ўзбекистон фуқаролари тўпланиши кузатилмоқда. Ушбу фуқаролар Россиянинг турли минтақаларидан автотранспорт воситаларида келишмоқда ва Ўзбекистонга қайтиш учун Қозоғистон ҳудуди орқали йўлак яратишни талаб қилишмоқда.
Бош консулхона барча томонлар учун энг мақбул ечимни топиш учун маҳаллий ҳокимият билан алоқа ўрнатган. Бундан ташқари, ТИВ Оператив штаби Россия-Қозоғистон чегарасидаги мавжуд вазият тўғрисида маълумотни ҳар томонлама кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссиясига юборди. Юқоридагиларни инобатга олиб Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти фуқароларни Республика махсус комиссияси томонидан тегишли қарор қабул қилгунига қадар тинчикни сақлаш, ўрнатилган карантин қоидаларига риоя қилишга чақиради.