Лойиҳа фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш, Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини яратиш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. 

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда иқтисодиётнинг барча соҳаларида рақамлаштириш ва инновацион ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда географик ахборот тизимлари ва веб-порталлар шакллантирилмоқда ҳамда улар ёрдамида аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. Хусусан, навигация хариталари, геопорталлар, интернет веб-сервисларнинг маълумотлар базаси фазовий маълумотлардан ташкил топган. Бунда космик суратлар, дронлардан олинган маълумотлар, хариталарда кўрсатилган ер, бино-иншоот, йўллар, дарёлар, қувурлар ва улар тўғрисидаги қўшимча маълумотлар фазовий маълумотларнинг таркибий қисми ҳисобланади.

Шу маънода “Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши мазкур йўналишдаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилашга хизмат қилади. Қонун билан фазовий маълумотларга кириш (фойдаланиш) ҳуқуқи ва уларни ҳимоя қилиш, фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланишда идоралараро алоқаларни йўлга қўйишнинг ҳуқуқий асослари яратилади.