Бўстонлиқ туманида туризм соҳасида ўнлаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Эндиликда «Ипак йўли» сайёҳлик фирмаси логотипи туширилган микроавтобуслар туристик зона бўлган Бўстонлиқ туманидаги Юсуфхона қўрғонини Қўйлиқ бозори билан боғлайдиган бўлди.
Бугун эрта тонгдан энг замонавий қулайликларга эга бўлган микроавтобуслар Юсуфхона ҳудудидан ҳаракатланишни бошлади.
– Биз сайёҳликни ривожлантиришга ҳисса қўшиш ниятида Бухоро вилоятидан 6 та сўнгги русумдаги микроавтобусларни олиб келдик, – дейди «Когон-Мега-Барс» МЧЖ раҳбари Б. Ахтамов. – Японияда ишлаб чиқарилган «Тоёта-Хияч» русумли транспорт воситаси Дубайдан ҳамкорлик шартномаси асосида 5 йиллик кредит эвазига сотиб олинди.
Дарҳақиқат, замонавий технологиялар асосида яратилган, монитор, сенсор, кондиционер, иситиш системаси, хуллас, барча комфорт қулайликларга эга бўлган, узунлиги 5 метрни ташкил этган, 14 ўриндиқли автобуслар Тошкент вилояти аҳолиси ва барча меҳмонлар учун хизмат қилишни бошлади.
– Янги микроавтобусларнинг афзаллиги шундаки, туризм зонасига борадиганлар учун қулай имконият яратади. Салкам 100 км масофа учун йўл ҳақи 13 минг сўм этиб белгиланди, – дейди Тошкент вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи С.Шоқосимов. – Кунига 28 та қатнов йўлга қўйилади.
Энг муҳими, «Амирсой», «Белдирсой»,”Чимён”, «Нанай», «Хўжакент» каби дам олиш масканларига бориш истагида бўлган юртдошларимизнинг узоғини яқин қилади.
Бу ҳақда Тошкент вилояти транспорт бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.