Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар акселератори раҳбарларининг учрашуви видеоконференция шаклида бўлиб ўтди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ташкил этган йиғилишда юз кун ичида ўрганилиши керак бўлган устувор масалалар баён қилинди, деб хабар беряпти марказ ахборот хизмати.

Хабарда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Aдминистрациясининг фармойиши билан қатор вазифалар тасдиқланди. Биринчидан, фуқароларнинг давлат ташкилотлари кўрсатадиган хизматлардан қониқиш даражасини баҳолаш мезонларини шакллантириш лозим. Ҳозир фуқаролар билан ишлайдиган вазирлик ва идоралар томонидан кўрсатиладиган хизматлардан фуқароларнинг қониқиш даражасини баҳолаш мезонлари мавжуд эмас.

Бу масалани ижобий ҳал этиш учун Бирлашган Араб Амирликлари тажрибасидан фойдаланган ҳолда “Happiness Metrics” тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда. Ушбу тизимга мувофиқ, барча фуқаролар ўзига кўрсатиладиган давлат хизматларини эмотиконлар (аъло, қониқарли ва ёмон) орқали баҳолаши мумкин. Йил охирида учта энг яхши ва учта самарасиз фаолият кўрсатадиган вазирлик ва идоралар аниқланади. Паст натижа кўрсатган вазирлик ёки идоралардаги ишларнинг ҳолати чуқур ўрганилади ва уларни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Шунингдек, ушбу тизим орқали тегишли вазирлик ва идоралар фаолиятининг якуний натижаларига эришиш учун ходимлар масъулияти оширилиб, иш самарадорлигини яхшилаш мақсадида давлат органлари орасида рақобат муҳити яратилади.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг энергетика статистикасини БМТ стандартларига мувофиқ шакллантириш зарур. Мамлакатимизда БМТнинг Статистика ташкилоти ва Халқаро энергетика агентлиги стандартлари асосида ёқилғи-энергетика манбаларидан оқилона фойдаланиш ва самарадорлигини таъминлаш имкониятини берувчи ягона ёқилғи-энергетика баланси мавжуд эмас.

Шу муносабат билан юртимизда шаклланаётган энергетика статистикаси маълумотларини инвентаризация қилиш ва етишмаётган маълумотларни қамраб олиш учун мавжуд статистик ҳисоботларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, натижада киритилган ўзгаришлар асосида энергия балансини ишлаб чиқиш таклиф этилади.

Учинчидан, тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун рейтинг юритиш тизимини жорий этиш даркор. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 сентябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг вазифаларидан бири истеъмолчиларга товар (ишлар), хизматлар, уларнинг ишлаб чиқарувчилари, пудратчилари ва сотувчилари тўғрисида, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш тўғрисида ишончли ва тўлиқ маълумот олиш имкониятини беришдир.

Шу муносабат билан мамлакатимизда истеъмолчиларнинг товар ва хизматлар тўғрисида хабардорлигини ошириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолияти бўйича рейтинг баҳоларини ўтказиш тизимини яратиш ҳамда уларнинг сифатини ошириш таклиф этилмоқда.

Уч йўналишнинг ҳар бир соҳаси учун жалб этилган вазирлик ва идораларнинг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилади. Улар акселератор координаторлари билан ҳар 25 кунда амалга оширилган ишлар натижадорлигини кўриб чиқади.

Юз кунлик иш якунларига кўра, якуний босқичда акселератор раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтади. Унда ҳар бир муаммони ҳал қилишда эришилган якуний натижалар кўриб чиқилади.