Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ўша узоқ вақт кутилган интервьюси чоп этилди. Уни барчамиз қизиқиб ўқидик, Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир соҳа бўйича теран билимга, юз бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан мантиқий ёндашувга, ички ва ташқи сиёсат борасида ўткир нигоҳга эга эканликларини яна бир карра англаб етдик.
“Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” сарлавҳали ушбу интервьюдан қуйидаги учта иқтибосга урғу бергим келди.
1
“Албатта, биз эски тизимни батамом ўзгартириб, ўз олдимизга қўйган мақсадга тўлиқ эришдик, деб айтишга ҳали эрта. Такрор айтаман, биз ҳар куни изланишдамиз. Бу йўлда дастлабки қадамларни қўймоқдамиз, холос. Лекин “Бу ўзгаришлар – вақтинчалик кампания, ўтади-кетади”, деганлар янглишади. Бу – Президент ва унинг командаси узоқни кўзлаб юритаётган прагматик халқчил сиёсатнинг энг устувор йўналишларидан бири ва уни халқимиз билан биргаликда албатта охиригача олиб борамиз, ҳеч қачон ортга қайтмаймиз.
Бугунги кунда биз эришган энг муҳим натижа ҳам аслида шу – демократик ислоҳотларимиз ортга қайтмайдиган тус олди”.
Биз ўтган беш йил давомида амалга оширилган катта-катта ишлар, қилинган ўзгаришлардан хулоса ясаган ҳолда, юртимиз ўз йўлини топиб олди, керакли ўзанга тушдик, энди буёғи бир маромда кетаверади, деган фикрда эдик. Бироқ Президентимиз ҳали биз йўлнинг бошида турганимизни, ўзгаришлар эса бу йўлдаги дастлабки қадам эканлигини таъкидламоқдалар. Ва барчамиз учун бир муждани қатъий қилиб уқтиряптилар: “демократик ислоҳотларимиз ортга қайтмайдиган тус олди”
2
“Айни пайтда яна бир ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим: бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган Янги Ўзбекистон эмас. Ҳали бу маррага етиш учун олдимизда жуда олис ва машаққатли йўл турибди. Йўлимиз шу пайтгача осон бўлгани йўқ, бундан кейин ҳам осон бўлмайди. Лекин биз дадил олдинга боришдан, керак бўлса, кутилмаган, аммо пировард натижаси самарали ва халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ноанъанавий қарорлар қабул қилишдан чўчимаслигимиз зарур”.
“Қўрққанга қўш кўринади”, дейди доно халқимиз. Давлатимиз раҳбари ҳам Президентлик курсисига ўтирганларида олдинги йўналишни давом эттиришлари, ҳеч бир ўзгаришларга қўл урмасликлари мумкин эди. Бунинг учун у кишини биров айбламасди ҳам. Аммо Шавкат Мирзиёев бундай йўл тутмади. Тутолмади. Тўғри, қийин эди, мураккаб эди, жуда ҳам оғир даврларни, босқичларни, йўлларни босиб ўтиш талаб қилинарди. Ана шундай машаққатли бир пайтда дадил олдинга боришдан чўчимаган Давлатимиз раҳбари бундан кейин ҳам барчамизни бугунги сиёсий курсни давом эттиришга, ўзимиз орзу қилаётган, интилаётган Янги Ўзбекистонни биргаликда қуришга чақиряптилар.
3
“Афсуски, мамлакатимизда тезлик билан ҳал этиш керак бўлган ўткир муаммолар бошқа соҳаларда ҳам йиғилиб қолган эди. Ҳаммаси жойида, деган кайфият билан уларни билиб – билмаганга, кўриб – кўрмаганга олиб, ғафлат уйқусига ботиб юравериш ҳам мумкин эди. Лекин бу ўзимизга, халқимизга, келажакка нисбатан хиёнат бўларди.
Очиқ айтмоқчиман: менинг табиатим бундай сохта ҳаётни мутлақо қабул қилолмайди. Халқимиз менга ишонч билдирди, ана шу юксак ишончни оқлаш, эл-юртимизга муносиб ҳаёт шароитини яратиб бериш – мен учун ҳаётимнинг маъно-мазмунидир. Мен миллионлаб инсонларнинг тақдири учун масъулиятни зиммамга олган эканман, ислоҳотлар борасида бошқача йўл тутишим, ҳаммасини аввалгидек қолдиришим асло мумкин эмас”.
Юқорида айтиб ўтганимдек, аввалги ишларни давом эттиравериш бугунги ўзгаришларга қўл уришдан кўра осон эди. Бироқ Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимини бажаришга киришар экан, энг аввало, ўз виждонига қулоқ тутди. Халққа, келажакка нисбатан хиёнат қилишни истамади. Гарчи оғир ва машаққатли бўлса-да, чинакам ислоҳотларни қилиш, энг аввало, одамлар ҳаётини яхшилашга бел боғлади. Бугун биз ўша заҳматли юмушларнинг мевасини кўриб турибмиз. Ўзбекистон бир қатор жаҳон рейтингларида ҳам, шундоққина бизнинг кўзимиз ўнгида ҳам тобора юксалиб бормоқда.
Буларнинг барчаси айтишгагина осон холос. Аммо ўтган беш йил мобайнида қанчадан-қанча меҳнатлар, интилишлар, изланишлар, ўз шахсий ҳаловатидан кечишлар эвазига бугунги марраларни эгаллаганимизни ҳар биримиз жуда чуқур англаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бугунги интервьюсини ўқиб, шуни тушундимки, буларнинг ҳаммаси “хамир учидан патир”. Биз ҳали йўлнинг бошидамиз. Демак, мана шундай залворли меҳнат, олдинга дадил интилиш тўхтамайди, билъакс, олдингидан кўра забт билан давом этаверади.
Шерзодхон Қудратхўжа,
ЎзЖОКУ ректори, профессор, Халқаро Пресс клуб ННТ раиси.