“Олдимизда турган муҳим вазифалардан бири, сиз ўзингизни намоён қилишингиз учун зарур шароитларни яратиб бериш. Ўқишда, ишда, ижодда, спортда, ижтимоий фаолиятда ўзингизни топа олишингизни истаймиз. Қобилиятингиз, қизиқишларингизни юзага чиқаришда ҳеч қандай тўсиқ бўлмасин, деймиз”, — деди Зироат Мирзиёева ўқувчилар билан учрашувда.

“Муҳим вазифаларимиздан бири – инклюзив жамиятни яратиш. Сиз ўз маҳоратингизни ошириб, сифатли таълим олишингиз ва тўсиқларсиз жамиятга янада мослашишингизни истаймиз”, – деди Зироат Мирзиёева ўқувчилар билан учрашувда.

Зироат Маҳмудовна ҳар бир бола таълим олишда тенг ҳуқуқли бўлиши, ўз салоҳиятини юзага чиқариш имкониятига эга бўлиши зарурлигини таъкидлади.

“Замин” фонди эшитиш қобилияти заиф болалар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида мактабларга замонавий ФМ тизимларини совға қилди. Умуман олганда, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Бухоро, Фарғона ва Андижон вилоятларида жойлашган 8 та ихтисослаштирилган мактабларда ана шундай жиҳозлар ўрнатилади. 2022-йил охиригача Республика бўйлаб барча 18 та мактаблар тўлиқ жиҳозланиши кутилмоқда. Шу билан бир қаторда ўқув жараёнида жиҳозлардан фойдаланиш бўйича ҳам ўқитувчилар учун хорижлик мутахассислар томонидан махсус тренинглар ўтказилмоқда.

ФМ-изим керакли товушларни бевосита ўқувчининг эшитиш аппаратларига узатаётгани туфайли болалар ўқитувчининг гапини эшитадилар ва нутқни синфда ҳам, шахсий дарсларда ҳам ривожлантирадилар.

Самарадорликни таъминлаш мақсадида “Замин” фонди кўмагида ихтисослаштирилган мактабларнинг 2 минг нафар ўқувчисига 2 донадан замонавий эшитиш аппарати бепул топширилмоқда. Шу билан бирга, бир гуруҳ мутахассислар болаларнинг эшитиш қобилиятини диагностика қилиш ва эшитиш воситаларини индивидуал созлашни амалга оширмоқда.