Президентимизнинг 2019 йил 23 июлдаги “Ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганишни янада такомиллаштириш ва 2020-2021 йилларда минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тасдиқланган дастурга кўра, юқоридаги режаларни амалга татбиқ этишга 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.
Бугунги кунда тиббиёт, машинасозлик, самолётсозлигу нанотехнологиялар ва яна кўплаб саноат соҳаларида ўта зарур бўлган ноёб ер элементларни, бир қатор металларни қазиб олишни кўпайтириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш Ўзбекистон иқтисодиёти ривожи учун муҳим масалалардан бирига айланган.
Президентимизнинг2020 йил 31 январь куниДавлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига ташриф буюриб, олимлар, ёш тадқиқотчилар, ишлаб чиқариш вакиллари ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари билан учрашуви чоғидаянги Геология фанлари университети кампусига тамал тоши қўйилди. Тўртта илмий муассаса –“Ҳабиб Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти”, “Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти”, “Минерал ресурслар институти” ҳамда “Нефть ва газ конлари геологияси ва қидирув институти” негизида яхлит мажмуа, замонавий университет ташкил этилиши маълум қилинди. Бундан ташқари, 4 та илмий муассаса моддий-техник базаси ва илмий кадрлар салоҳияти бирлаштирилиб, энг илғор ускуналар билан жиҳозланади. Бу замонавий лабораторияларнинг ташкил этилиши ва ёшларнинг чет элларга малака оширишга юборилиши геология соҳасида туб бурилиш ясаши кутилмоқда.
Геология-қидирув ишларини олиб боришни янада такомиллаштириш мақсадлари ўз ифодасини топган “йўл харитаси”, қаттиқ фойдали қазилма майдонлари ва конлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш учун ишга тушириладиган ягона электрон онлайн платформаси ер қаърини оқилона ўрганиш ва ўзлаштириш, шунингдек, геология соҳасига чет эл инвестицияларини жалб қилишда мутахассисларга дастуриламал бўлади.
ПЕТРОЛОГИК ТАДҚИҚОТЛАР АҲАМИЯТИ
Петрологик тадқиқотлар деганда тоғ жинсларининг ёши, ётиш шакллари, ҳосил бўлиши ва бошқаларни ўрганиш киради. Бугунги кунда геология соҳасида долзарб муаммолардан бири - дайка таналари. Дайка — оддий тил билан айтганда, узун бўлган ер қобиғидан чиқадиган тоғ жинси, яъни девор, деган маъносини англатади. Қалинлиги бир неча сантиметрдан бир неча метргача борадиган ушбу тоғ жинсиконлар ҳосил бўлишида муҳим ўрин тутади.
Бугунги кунда дунё миқёсида дайкаларни ўрганиш эндоген конларнинг жойлашувидаги қонуниятларни ҳамда олтин ҳосил бўлиши билан боғлиқлигини аниқлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Дайкалар ва улардаги ксенолитларни тадқиқ қилиш орқали турли таркибдаги дастлабки магма суюқлигининг ҳосил бўлиш вақти ва жойи, маъданли моддаларнинг манбалари ва йирик конларга тўпланиш муҳитини, юқори мантия, пастки ва устки қобиқ таркиби, турли сатҳлар тузилиши тўғрисида моддий далилларни олиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, дайка таналари ҳақида кўп маълумотга эга бўлиш мавжуд конларни янада чуқурроқ ўрганишга имкон беради.
Фалсафа докторлик илмий ишимни ёзиш жараёнида илмий раҳбарим билан биргаликда Чотқол-Қурама минтақасининг олтин-кумуш конларидаги дайкаларни ўрганиб чиқдик. Чотқол тизмаси жануби-ғарбий тармоқларидаги Қизилолмасой маъдан даласи дайка ҳосилаларини геологик-петрографик, петрокимёвий ва геокимёвий ўрганиш ва уларнинг олтин-кумушли маъданлашув шаклланишидаги аҳамиятини аниқлашни мақсад қилгандик. Петрологик тадқиқотларнинг ҳозирги замон услубияти эса бу вазифаларни ва фундаментал масалаларни ечишга имкон яратиб берди.
Бу дайка таналари ва маъданли намоён қилувчи далалар ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлган Шарқий Ўзбекистон учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, Қизилолмасой, Кўчбулоқ, Лашкерек, Чодоқ, Шавкатли, Дукент, Наугарзан, Олатанга, Каттасой, Майликатан, Чаули, Чоркасар ва бошқа олтин-кумуш, қалай, қалай-полиметалли, уран-молибденли, флюорит конлари шулар жумласидандир.
Изланишларимиз давомида дайканинг олтин-кумушли ва унга йўлдош нодир металли ҳамда нодир-ерметалли маъданлашувга эга экани аниқланди. Маъдан майдони ҳудудида дайка жинсларининг барча туркумларида кларк миқдоридан юқори бўлган элементлар мавжуд экан. Уларнинг кўпчилиги Чотқол-Қурама минтақаси Қизилолмасой маъдан даласида олтин-маргимуш, олтин-теллур ва олтин-кумушли ҳамда олтин-пиритли, олтин-полисульфидли ва олтин-теллурли минерал туркумлари формациялар учун маъдан ҳосил қилувчи ва индикаторлар саналиши ўз исботини топди. Бу каби тадқиқотлар ноёб, радиоактив, қимматбаҳо элементлар, асл, қора, рангли ва нодир металларнинг чуқур горизонтларга башоратлаш, қидириш ва баҳолашнинг амалий вазифаларини ечишга имкон беради. Бу мисолни келтиришдан мақсад биргина дайка танасини ўрганиш геология соҳаси ривожидаги аҳамиятини кўрсатишдир. Сабаби, биз ер ости бойликларини янада чуқурроқ излаш учун шу каби тадқиқотлар орқали илмий ишларни олиб борамиз.
ИМПОРТНИ КАМАЙТИРИШГА ҲИССА ҚЎШУВЧИ ЛОЙИҲА
Биз фаолият кўрсатиб келаётган Геология ва геофизика институти асосан геология соҳасидаги фундаментал, амалий ва инновационлойиҳаларни амалга оширади. Бугунги кунда институтнинг петрология лабораторияси олимлари томонидан юртимизнинг деярли барча ҳудудларида турли геологик тадқиқотлар олиб бормоқда. Хусусан, Олмалиқ-Ангрен худудидаги Қизилолмасой, Қучбулоқ, Шовозсой, Ёшлик 1,2 олтин кумуш конлари, Қўйтош вольфрам, Зармитан, Ўрталиқ, Мурунтов, Пистали олтин конлари чуқур ўрганилмоқда.
Айни пайтда Чармитан маъдан майдониметасоматитларида тарқалган ноёб ер элементларини ўрганишга бағишланган катта амалий лойиҳа ҳам иқтисодиётимизнинг турли жабҳаларида ишлатиладиган ноёб ер элементлари маъдандор ҳудудларини, конларини топишгакўмак беради. Лойиҳанинг илмий аҳамияти шундаки, ноёб ер элементлари олтин ва кумушдан бир неча юз баробар қимматроқ ҳисобланиб, уларнинг деярли барча турлари экспорт қилинади.
Геология жуда кўп қиррали ва барча фанларга боғлиқ соҳа. Дала ишлари, турли тоғ тизмаларида дала шароитида чодирларда яшаш, юлдузли осмон остида камералка ишларини олиб бориш, табиат қўйнида ўз сирларини яшириб ётган тоғ жинсларидан олинган намуналарни ўрганиш жуда қизиқарли. Ана шу касбга бўлган меҳр, қолаверса, ҳукуматнинг эътибор ва ишончи биз, геологларни шу соҳа ривожига ҳисса қўшишга ундаяпти.
Феруза КАРИМОВА,
Ҳабиб Абдуллаев номидаги Геология
ва геофизика институти катта илмий ходими,
геология ва минералогия фанлари фалсафа доктори (PhD)