Ўқувчиларнинг рисоладагидек билим олиши, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, билим самарадорлигини оширишда мактаб дарсликлари асосий воситалардан биридир. Ўқувчи дарсликдан билим олади, тажриба тўплайди ва уни ўз ҳаётида қўллашни ўрганади. Шундай экан, дарсликларнинг мукаммаллиги ҳар макон ва замонда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Эътиборсизлик туфайли унда йўл қўйилган биргина хато улғайиб келаётган ўқувчи ҳаётини тамомила тескари буриб юбориши ҳеч гап эмас.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган дастурий нутқида таълим соҳасидаги қатор камчилик ва муаммоларга эътибор қаратиб, хусусан, аниқ ва табиий фанларни ўқитиш методикаси мураккаб тузилгани, назарий билимлар амалиёт билан боғланмагани, ўқув дастурларида узвийлик йўқлиги, дарсликларнинг мазмуни ва сифати қониқарсиз экани ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётгани, амалдаги давлат таълим стандартлари ҳамда ўқув дастурларида ўқувчиларни таълимнинг навбатдаги босқичига тайёрлаш, эркин фикрлаш ва мустақил ҳаётга йўналтириш масаласи эътибордан четда қолаётганини танқид қилганди. Бундай ҳолатларга барҳам бериш учун хорижий экспертлар ва тажрибали ўқитувчиларни кенг жалб қилган ҳолда, умумий таълимнинг Миллий ўқув дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш ва жорий ўқув йили давомида уни илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларида синовдан ўтказиш лозимлиги таъкидланди.
Шундан сўнг қисқа фурсат ичида бу масалага жиддий киришилди. Биз, педагоглар Республика таълим марказининг бу йўналишдаги фаолиятини катта қизиқиш билан кузатиб боряпмиз. Муаллифлар гуруҳининг, хусусан, хорижлик экспертларнинг фикрларини, бу борадаги тажрибаларини, ОАВга берган интервьюларини ўқиб, кузатиб бордик. Дунё тажрибасида бошланғич синфларда бешинчи, олтинчи синфларда ҳам science — табиий фанлар дарслиги ўқитилар экан. Уларда эътибор биология, география, физика, кимё фанларини бир-бирига боғлиқ ҳолатда, яъни интеграл равишда ўқитишга қаратилар экан.
Бир мавзунинг ичида биология ҳамда географияга оид билимлар билан бирга физика ва кимё фанларига доир маълумотларнинг интеграл тарзда берилгани ўқувчилар учун жуда қизиқ. Чунки болалар атроф-муҳитни, борингки, бутун борлиқни яхлит тасаввур қилади. Аввал алоҳида-алоҳида ўтилган фанлар, мавзулар эндиликда битта умумий табиат ҳақида эканини идрок қиладилар. Фақат назарий билим ўқувчиларни зериктириши, чарчатиши мумкин эди, эндиликда эса амалий машғулотлар билан бойитилган дарсларда ўғил-қизларимиз қўнғироқ чалинишини кутиб ўтирмайди. Дарс тугамаслигини, кўпроқ маълумотга эга бўлишни истайди. Замонавий дарсликлар эса ўқувчиларга ана шу завқни бера олади. Бу борада, албатта, бизнинг маҳоратимиз, ўз устимизда ишлашимиз, фанга, мактабга, ўқувчиларга меҳримиз муҳим саналади. Шунда давлатимиз раҳбари бизнинг олдимизга қўйган вазифаларни сидқидилдан бажара оламиз, асосийси, келажагимизни билимли, кенг тафаккурли, ижодкор ёшлар билан таъминлаймиз.
Машҳура Отажонова,
Фарғона вилояти Бувайда туманидаги 16-мактаб ўқитувчиси