Президентимиз жорий йил 3 апрель куни ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини модернизация қилиш чора–тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда иситиш тизимини ислоҳ қилиш, кам ёқилғи сарфлаган ҳолда меъёр талабларига мос бўлган сифатли иссиқлик ишлаб чиқаришни кўпайтиришда хусусий секторлар улушини кўпайтириш, бу орқали ижтимоий соҳа объектлари иситиш тизимини босқичма-босқич янгилаб бориш, соҳага инновацион технологияларни жалб этиш, янги тажриба, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, кўмир ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириш сингари долзарб масалалар юзасидан зарур кўрсатмалар берди.
Дарҳақиқат, ўтган қиш мавсумида юзага келган аномал совуқ табиий газ, электр энергия, кўмир таъминоти, иссиқлик қозонхоналари билан боғлиқ кўплаб муаммо ва камчиликлар борлигини юзага чиқарди. Бу, масъуллардан қуз-қиш мавсумига ҳар қачонгидан кўра эрта ва пухта тайёргарлик кўриш зарурлигини тақазо қилмоқда.
Фарғона вилоятида 2 минг 309 та ижтимоий соҳа объекти иссиқлик таъминоти тизимларини хусусий сектор иштирокида модернизация қилиш ва бошқариш тизимига ўтказиш борасида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, давлат хусусий шерикчилик асосида иш олиб бориш истагида бўлган тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, иссиқлик тизимларини хатловдан ўтказиш натижасида аниқланган муаммоли ҳолатлар бўйича мавжуд қозонхоналарни таъмирлаш, модернизация қилиш, янгисига алмаштириш, тармоқларни созлаш, электр билан таъминлаш учун 354 миллиард сўм маблағ талаб этилади.
Бугунги кунда 1 минг 836 та ижтимоий соҳа объекти кўмир ёқилғисида, 459 таси табиий газ ва 14 та муассаса марказлашган иссиқлик билан таъминланган. Ўтган мавсумда бу тармоқлар учун умумий қиймати 16,1 миллиард сўмлик 24,4 миллион куб метр табиий газ сарфланди, 77,7 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилди.
Жорий йилда амалий ишлар салмоғини янада ошириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, 2023-2024 йил куз-қиш мавсуми учун 39,5 миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобига 94,4 минг тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган.
Кейинги йилларда соҳа ривожи йўлида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга бўлган эътибор ошди. Авваллари мавжуд иситиш тизимлари 2-3 йилда яроқсиз бўлиб, белгиланган меъёрларда иссиқлик бера олмасди. Сўнгги беш йилда бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 2 минг 261 та иситиш қозонини тежамкор ва самарали ишлаш тизимига ўтказиш учун 27,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Албатта, тизим фаолиятини янада яхшилаш, сифатини ошириш борасида қилишимиз керак бўлган ишлар ҳали кўп ва бу борада катта лойиҳалар ишлаб чиқиляпти.
Президентимиз мазкур йиғилишда хорижлик инвесторлар иштирокида энергиятежамкор иситиш қозонлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, истеъмолчиларга сифатли иссиқлик етказиб бериш бўйича топшириқлар берганди.
Айни кунда польшалик ҳамкорлар билан янги русумда “Алтер“ қозонлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Маҳсулотлар иқтисодий тежамкор, узоқ муддат ишлаш хусусиятлари билан ажралиб туради. Янги маҳсулот ўтган қиш мавсумида ўз самарасини кўрсатди. Ёқилаётган кўмир сарфи уч ҳиссага камайди, иситиш даражаси аввалгиларга қараганда 2,5 баробарга ошди. Бу йилига 20 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағларини иқтисод қилиш имкониятини беради. Яна бир жиҳати, кўмирни чиқиндига чиқармайди, ҳавога зарарли ташламалар кўтарилишини кескин камайтиради.
Ёзёвон тумани марказий шифохонасидаги эски русумли иситиш қозони кунига 1 минг 600 килограмм кўмир ёқилғиси сарфлаган. Бу ерда тежамкор “Алтер” қозонлари ўрнатилгач, кунлик кўмир сарфи 500 килограммни ташкил қилди. Демак, бир кунда 1 минг 100 килограмм кўмирни иқтисод қилиш имкони яратилди. Бу миқдор бутун куз-қиш мавсумига боғлаб ҳисоб-китоб қилинса, умумий ҳисобда 121 тонна кўмир ёки 50,5 миллион сўм маблағ тежаб қолинди, дегани.
Бугунги кунда бу тажрибани вилоятимиздаги барча иситиш тизимларида оммалаштириш, уларни замонавий энерготежамкор, иссиқлик меъёри юқори бўлган автоматлаштирилган қозонларда ишлаш тизимига ўтказиш билан боғлиқ амалий ишлар олиб бориляпти. Жорий йил 1 июнига қадар барча ижтимоий соҳа объектлари янги тизим асосида ишлашга ўтказилади.
Шунингдек, бу йўналишларга давлат хусусий шерикчилик асосида ишлаш истагини билдирган 62 нафар тадбиркордан келиб тушган таклифлар қўллаб-қувватланиб, уларга ҳуқуқий ва молиявий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳозирда Фарғона, Қўқон, Марғилон шаҳарлари, Фурқат ва Ёзёвон туманларидаги ижтимоий соҳа объектлари иситиш тармоқлари тажриба тариқасида давлат хусусий шерикчилик асосида ишлаш учун тайёр ҳолатга келтирилди.
Шу билан бирга, жорий йилда вилоят аҳолиси ва ижтимоий соҳа объектларининг кўмирга бўлган 1133,8 минг тонна талабини қондириш, Водил қишлоғида янги кўмир конини ўзлаштириш бўйича зарурий чоралар кўрилмоқда. Асосий мақсад, куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонлари ва барча ижтимоий соҳа муассасаларини сифатли иссиқлик билан таъминлаш.
Ҳожиқўзижон ИСАҚОВ,
Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари