Замон шиддат билан ривожланар экан, у нафақат кучли рақобатни балки етук тафаккурни ҳам талаб этади. Бу ҳақида юртбошимиз ҳам “Ёшлар куни”га атаб ўтказилган байрам тадбирида таъкидладилар. Бугунги кунда ёш авлодни англаш, уларнинг талаб ва тақдирига мослашиш ҳам давр талабидир. Зеро, келажак ёшлар қўлидадир.
“Янги Ўзбекистон” тушунчасини англаш учун янгича, замонавий билим, салоҳият ҳамда тафаккурга эга бўлиш керак. “Меҳнаткаш ва бағрикенг, олийжаноб халқимиз, сиздай билимли, фаол ва шижоатли ўғил қизларимиз бор экан, биз ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтамиз”, — дейдилар давлатимиз раҳбари. Мазкур жумлада “қийинчилик” дегани бу янги жамиятни, янги ислоҳотлар билан Янги Ўзбекистонни қуриш кераклилигини англаш қийин эмас.
Хўш, Янги Ўзбекистонда нималар ўзгарди, аввалги жамиятдан нимаси билан фарқланади, каби саволлар ҳаммани ўйлантиради. Бироқ, юксак маънавиятли, замонавий тафаккур соҳиби учун бундай саволларга жавоблар бисёрдир.
Биринчидан, таълим сифатини ошириш бўйича янгича ўзгартиришлар, ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг барча вилоятларда ташкил этилиши, уларда таҳсил олаётган ёшларнинг юқори натижа қайд этаётганлари.
Иккинчидан, яшаш тарзини яхшилаш учун “темир дафтар”лар жорий қилиниши ва уларнинг амалда ижобий натижалар кўрсатаётгани барчага маълум. Хусусан “ёшлар дафтари”га берилган 30 га яқин имтиёзлар кўламида ёшларимиз нафақат билим олишлари, балки даромад топишлари учун тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун ҳам имкониятлар мавжуд.
Учунчидан, хорижий тилларни ўргатишга қизиқтириш ҳам юқори даражада амалга оширилмоқда. Барчамизга маълумки, хорижий тилларни билиш замонавий дунёқарашни кенгайтиришда замин бўла олади. Шунинг учун давлатимиз раҳбари Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигини ташкил этдилар. Мазкур агентлик томонидан хорижий тилларни оммалаштиришга доир бир қатор танловлар ўтказилиб, ўқивчилар ҳамда уларнинг устозларига чет элда малака ошириш имконияти берилди.
Тўртинчидан, уюшмаган ёшларнинг бандлигини самарали ташкил этиш мақсадида беш ташаббус лойиҳаларининг йўлга қўйилгани, қолаверса, ёшлар бандлиги масалалари, уларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, субсидиялар ажратиш сингари молиявий масалалалар ечими ҳам айнан Янги Ўзбекистонда ўз аксини томпган десак, муболаға бўлмайди.
Aлбатта, бундай ислоҳотларни 100 га яқинлаштириш, ёки яратилаётган шарт-шароитлар, берилаётган имкониятлар ҳақида батафсил ёзиш мумкин. Бироқ бундай ислоҳотларга камарбаста бўлиш учун биз ёшларга аввало замонавий тафаккур керак.
Шу ўринда тафаккурни ҳам икки турга бўлган бўлар эдик:
- Замонавий тафаккур
- Миллий тафаккур
Aксарият ёшларнинг миллий тафаккури ривожланган бўлсада, замонавий билимлар етишмовчилигини кузатиш мумкин. Миллий тафаккур бу — ўз юртидаги ҳар қандай илм, олимнинг ишланмаларини ўрганиши, билишига асосланган тизимни ярата оладиган тафаккурни назарда тутсак, замонавий тафаккурда эса жаҳон стандартларига жавоб бера оладиган тизимни яратиш ҳамда уни англашга қодир билимга эга бўлган тизимнини билдиради.
Бундай тизимни яратиш учун, Янги Ўзбекистонни тизимли барпо этиш учун аввало, замонавий билим ва тафаккурга эга бўлишга интилмоғимиз даркор.
Феруз ГАНЖИЕВ,
Бухоро давлат университети ўқитувчиси