Мажмуанинг очилиш маросими катта шодиёнага айланди. Унда корхона ишчи-ходимлари, фермерлар, кенг жамоатчилик вакиллари, Туркия, Швейцария, Россия давлатларидан меҳмонлар иштирок этди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида кластерларнинг ўрни муҳим эканлигини таъкидлаб, бу борадаги ишлар дастлабки самараларини бераётганлигини айтиб ўтди. Хусусан, мазкур пахтачилик-тўқимачилик кластери инновацион технология ва ишланмаларни татбиқ этиб, минглаб янги иш ўринларини яратаётганлиги эътироф этилди. Корхонанинг бир гуруҳ ишчи-ходимлари вилоят ҳокимлигининг совғалари билан тақдирланди.

Жамият таркибидаги пахтачилик-тўқимачилик кластери жорий йилда Қўштепа ва Учкўприк туманларидаги фермер хўжаликлари билан пахта етиштириш бўйича шартномалар тузган. 2019 йилда кластер корхонаси Қўштепа туманида иш бошлаб, фермерларнинг жонига оро кирди. Ерларни экинга тайёрлаш, мелиорация каби тадбирларнинг сифатига алоҳида эътибор қаратилди. Уруғ, ёнилғи, ўғит каби масалаларда фермерларда умуман муаммо бўлмади. Шу йили туман фермерлари вилоятимизда биринчилардан бўлиб, пахта тайёрлашни ортиғи билан уддалашди.

Ўтган йили ҳам самарадорлик юқори бўлди, 18 минг тоннадан ортиқ пахта етиштирилди. Икки йил давомида 60 миллион долларлик инвестициялар жалб этилди, туманда янги пахта тозалаш заводи ишга туширилди. Фарғона шаҳрида барпо этилган тўқимачилик мажмуаси эса йирик лойиҳалардан биридир. 80 миллион долларлик инвестиция киритилиб, АҚШ, Япония, Германия, Туркия, Швейцария давлатларнинг ускуна ва жиҳозлари ўрнатилди.

— Корхонамиз томонидан хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш занжирини яратиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган, — дейди “Fergana Global textile” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мўминжон Разоқов. — Ўтган йилда калава ип ишлаб чиқариш цехи ташкил этилган. Янги очилган мажмуада эса мато тўқиш ва бўяш цехлари фаолияти йўлга қўйилиб, 1 минг 500 нафар янги иш ўринлари яратилди. Бу ерда 18 минг тонна калава ип ҳамда 4 минг тонна бўялган мато ишлаб чиқариш имкони мавжуд. Йил охирига қадар тикувчилик цехи барпо этилади. Бир йилда корхонамизда ўртача 560 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда ҳамда 40 миллион евролик экспорт амалга оширилмоқда.

Расулжон КАМОЛОВ,

Янги Ўзбекистон мухбири