Жорий йил 4 сентябрь куни парламент юқори палатасига Зангиота тумани “Ойбек” МФЙда яшовчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилган.
Қайд этилишича, 2019 йилда ушбу ҳудуддаги 47 та хонадон “снос”га тушиши ҳақида аҳоли огоҳлантирилган ва уларга тегишли тартибда компенсация пули тўлаб берилган.
Туман ҳокимлиги мутасаддилари янги маҳаллага барча зарур коммуникациялар ўтказиб берилишини билдирган. Аммо бу ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Ушбу масала Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Малика Кадирханова томонидан жойига чиқиб ўрганилди.
Маълум бўлдики, ҳақиқатан ҳам уйи бузилган аҳолининг номига пластик карта очилиб, компенсация пуллари ўтказиб берилган. Қолаверса, Тошкент вилояти Зангиота туманидан “Нигора бахт агро” фермер хўжалигининг фойдаланилмайдиган ерларидан жой ажратилган. Ўз навбатида ҳудудда фуқаролар томонидан уй-жой қурилган. Бироқ йўлларга на асфальт ётқизилган, на шағал тўкилган. Аҳамиятлиси, Сенатга мурожаат қилингандан сўнг, бир кун ичида кўчага шағал тўкилган.
wefgewf54e5w54f4.jpg)
Яна бир жиҳат. Мутасаддилар шу кунга қадар ҳудудни маҳаллага қўшиш, коммунал хизматлари кўрсатилишига эътибор қаратилмаган. Афсуски, фуқаролар бу борада бир неча маротаба тегишли идораларга мурожаат қилишига қарамай, уларга тўғри йўналиш кўрсатилмаган.
Сенатор аралашуви билан ушбу ҳудуд “Обод” МФЙга киритиладиган бўлди. Қолаверса, канализация, электр энергияси, ичимлик суви ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммо бартараф этилади. Ушбу маҳаллада болалар бўш вақтини мазмунли ўтказиши мақсадида спорт майдончаси ҳам қурилади.

Янги кўп қаватли уйлардан хонадон олиш учун бошланғич тўловни тўлаган, аммо уй-жой берилмаётгани билан боғлиқ ҳолат қонуний кўриб чиқилиши юзасидан тегишли мутасаддиларга кўрсатма берилди.
Фуқароларнинг мазкур мурожаатлари Сенат томонидан назоратга олинди.