Шу жумладан, газ таъминоти соҳасида ҳам. “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали ходимлари томонидан вилоят аҳолисига табиий газ таъминотини яхшилаш билан бирга марказдан олис, тоғли ва чегара ҳудудларда яшовчиларни суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай олис қишлоқлардан бири Олтинсой туманининг Вахшивор, Сариосиёдаги Сангардак қишлоғи вилоят марказидан 250-270 км. узоқликда жойлашган.
Вахшивор. Осмонўпар тоғлар қўйнидаги бу гўшага қия, тор, жарликлардан иборат йўллар орқали борилади. Газ таъминоти бўлими ходимлари ана шундай мураккаб йўлни босиб, махсус “Камаз” ва “МАН” русумли автотранспорт воситалари билан аҳолига ўз вақтида суюлтирилган маиший газ баллонларини етказиб бермоқда. Чош, Карш, Нилу, Ҳуфар ва Кундаижувоз қишлоқлари Сарисиоё туманида жойлашган бўлиб, туманга бориш учун Термиз шаҳри, Жарқурғон, Қумқўрғон, Шўрчи ва Денов туманларидан ўтиб уч соатлик йўл босиб ўтиш керак бўлади. Сариосиё туманига келгач Чош, Карш, Нилу, Ҳуфар ва Кундаижувоз қишлоқларига етиш учун яна 80-150 км йўл босиб ўтилади. Бу ҳудудларга суюлтирилган газ баллонларни қишнинг қировли кунида ҳам, жазирама ёзда ўз вақтида етказиб берилмоқда.
- Туманимиз ҳудудининг катта қисми тоғ ва адирлардан иборат,- - дейди бўлим мутахассиси Ҳусан Маматқобилов. - Ушбу ҳудудлар аҳолиси авваллари суюлтирилган газ баллонлари таъмирланмасди. Бугунги кунда мазкур муаммо бартараф этилиб, энг олис ҳудудларда 40-45 кунда газ баллонлари етказиш йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирда бир кунда ўртача 21 тонна 600 кг суюлтирилган газ тарқатилмоқда.
Дарҳақиқат, инсон ҳаётда муносиб яшаши учун зарур бўлган бирламчи ва энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларининг тўкислиги жуда ҳам муҳим. "Давлат идоралари халқимиз хизмат қилиши керак". Шунга кўра, бевосита биринчи раҳбарларнинг энг оғир, энг чекка ва энг олис ҳудудларга чиққан ҳолда, маҳаллама-маҳалла, қишлоқма-қишлоқ, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганаётгани ўз амалий самарасини бермоқда. Халқ билан бундай мулоқот нафақат мурожаатларни тинглаш, балки аҳолининг кундалик ҳаёти билан танишиш, масалаларни жойида бартараф этишга қаратилганлиги билан ҳам жуда аҳамиятли.
– Турмушимиз йилдан-йилга ўзгариб, ҳаётимиз ўзгача мазмун билан бойимоқда, – дейди Вахшивор қишлоғида яшовчи Бозор Муслимов – Масалан, бундан 5 йиллар илгари қишлоғимизни суюлтирилган газ билан таъминлашни умуман ҳаёлимизга келтиролмас эдик. Овқат пишириш, чой қайнатиш учун ҳам тоғларга чиқиб, ўтин йиғар эдик. Қишнинг совуқ кунларида аёлларимиз ҳар кун ўчоқ ёқиш билан овора бўлар эди. Буни қарангки, баллон газ, дегани ҳузури жон экан. Қишнинг куни ҳам овқат тайёрлаш ёки чой қайнатишни ўйлаб ўтирмаймиз. Энди тоғ арчалари ҳам кесилмаяпти. Чунки, бунга эҳтиёж сезмаяпмиз. Табиатга ҳам озор берилмаяпти. Узлуксиз равишда суюлтирилган газ етказилаётгани эса уларнинг қувончига қувонч қўшмоқда.
Эътироф этиш жоиз, йилдан-йилга аҳолига яратилаётган шароитлар кўлами кенгаймоқда. Соҳадаги ўзгаришлар шиддат билан ошмоқда. Масалан, авваллари истеъмолчи хонадонларига газ баллонларини олиб борадиган махсус аравалар йўқ эди. Бугун бундай улов турининг ташкил қилиниши фуқароларимиз билан бирга соҳа ходимлари учун ҳам қулай.
Азимбек Самадов,
"Янги Ўзбекистон" мухбири.