Бунда, биринчи навбатда, ички бозорни ўрганиш, импортни таҳлил қилиш ва хомашё базасини аниқлаш зарур. Кейинги босқичда маҳаллийлаштириш лойиҳаси шакллантирилиб, амалга оширилади.
Маҳаллийлаштириш лойиҳаларининг мақсади импортни қисқартириш ҳисобига валюта маблағларини тежаш, янги иш ўринлари яратиш, шунингдек, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини оширишдан иборат. Шу боис, ташқи бозорлардаги ўзгарувчанлик шароитида иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш учун ички имкониятларни ишга солиш, импорт қилинаётган тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва маҳаллий саноатни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Президентимизнинг 2021 йил июль ойида Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташрифи чоғида янги барпо этилаётган ишлаб чиқариш объектларига зарур бўладиган эҳтиёт қисмларни маҳаллийлаштириш асосида шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш вазифаси қўйилган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2021 йилда 87 та лойиҳа бўйича 217,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ёки режа 134,5 фоизга бажарилди. Натижада импорт ўрнини босиш самарадорлиги 20,1 миллион долларга тенг бўлди. 2022 йилда эса 334,1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 153,8 фоизга, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 29,7 миллион долларга етди.
Комбинатнинг ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, таркибий бўлинмалар томонидан 2 минг 500 дан ортиқ маҳсулот импорт қилиниши аниқланди. Ушбу эҳтиёжманд товарлар рўйхати 2022 йил 11–12 октябрь кунлари Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ташкил этилган тармоқлараро саноат ярмаркасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тақдим этилди. Тадбирда 300 дан зиёд ишлаб чиқарувчилар, улардан 62 таси ўзлари ўзлаштирган 1000 дан ортиқ маҳсулотлари билан иштирок этди.
Ярмарка давомида “юзма-юз” форматда учрашувлар ташкил этилиб, ОКМК техник талабларига жавоб бера оладиган маҳсулотларни ўзлаштириш масалалари муҳокама қилинди. 2026 йилгача маҳаллийлаштириш дастури доирасида инновацион лойиҳалар, илмий соҳадаги ихтиролар, маҳаллийлаштирилган маҳсулотларнинг янги турларини тайёрлаш бўйича тақдимотлар ўтказилди. Натижада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан 326 турдаги маҳсулотни босқичма-босқич ўзлаштириш юзасидан 961,7 миллиард сўмлик меморандум ва келишувлар имзоланди.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, саноат кооперациясини ривожлантириш доирасида ҳамда импорт ҳажмини қисқартириш мақсадида жами 1,1 триллион сўмлик маҳсулотларни харид этиш бўйича шартномалар тузилди, унинг 727,3 миллиард сўмлик қисми кооперация портали орқали тузилган битимлар ҳисобланади.
Шу каби ишларнинг самараси туфайли 2022 йилда комбинат бўйича импорт 120 миллион доллардан зиёдроққа қисқартирилди. Жумладан, тармоқлараро саноат кооперацияси алоқаларини кенгайтириш ҳисобига 27,5 миллион доллардан ортиқ импортга бўлган эҳтиёж қондирилди.
2023 йилда дастурдаги 137 та лойиҳа асосида 324,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш белгиланган бўлиб, апрель-июль ойларида дастурга 3,7 миллиард сўмлик 6 та янги лойиҳа киритилди. Натижада лойиҳалар сони 143 тани, прогноз кўрсаткичи 325,4 миллиард сўмни ташкил этди. Ушбу даврда 139 та лойиҳа бўйича 202,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, режа 116,8 фоизга бажарилди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 125 фоизни ташкил этди.
Янги маҳсулотлар орасида палладий метали, насос, флотамашина ва шахта электровозлари учун эҳтиёт қисмлар, молибден ва вольфрам тузи, юқори ҳароратга чидамли керамик маҳсулотлар, вольфрам карбиди, шамот ғиштлари, сферали шарли таянчлар, ферромолибден алоҳида ўрин тутади. Уларнинг ҳисобига импорт 17,6 миллион долларга мақбуллаштирилди.
Авваллари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш асосан икки йўналишда амалга ошириб келинарди: мавжуд ва янги қувватларда маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда ички кооперация алоқаларини кенгайтириш. Бугунги кунда мазкур йўналишлар янада кенгайтирилиб, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ва шатакка олиш тизими асосида янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилмоқда.
Масалан, Германиянинг “Falk Porsche Technik GmbH” компанияси билан биргаликда Чирчиқ шаҳридаги “Deutsche innovationen Technologie AGMK” қўшма корхонасида кимёвий чидамкор геокомпозит маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва 60 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Жорий йилда ушбу корхона томонидан рух заводини модернизация қилиш учун 60 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб берилди.
Ҳозирда 50 минг тонна мисни қайта ишлашга мўлжалланган, қиймати 20 миллион доллар ва 200 та янги иш ўрни яратиладиган “Мисдан катанка ва янги турдаги кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш” қувватлари барпо этиляпти. Унинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 450 миллион долларни ташкил этади.
Янги қурилаётган Мис эритиш заводи таркибида “Мис катодлари электролизлари учун полимербетон ванналар ишлаб чиқариш” лойиҳаси амалга ошириляпти. Бунда 1 минг 500 дона электролиз ванналари тайёрланиб, металлургия мажмуасини қуришда ишлатилади. Бунинг эвазига лойиҳа қиймати 10 миллион долларгача қисқаради.
“Янги турдаги саноат электр двигателларини ишлаб чиқариш” лойиҳасига ҳам германиялик ҳамкорлар қизиқиш билдиришди. Лойиҳа ишга тушгач, импорт қилинаётган электр двигателларга эҳтиёж қолмайди.
Қиймати 10 миллион доллар бўлган “Кимёвий чидамкор шиша толали маҳсулотлар” лойиҳасини амалга ошириш орқали чет элдан харид қилинаётган қувур, резервуар баклар ва бошқа маҳсулотлар маҳаллийлаштирилса, “Avantec GP” қўшма корхонасида горизонтал токарлик фрезерли ишлов бериш рақамли дастгоҳлари ишлаб чиқарилади.
Шунингдек, Хитойнинг 12 та йирик компанияси билан ҳамкорликда йилига 50 минг электромобиль ишлаб чиқариш, мис кабеллари ва фольгаси, электромобилларни зарядлаш ускуналари каби қўшимча қийматли маҳсулотларни ўзлаштириш, юк автомобиллари ва махсус техникалар учун эҳтиёт қисмлар ясаш, автоматлаштириш ва рақамлаштириш каби лойиҳалар устида иш олиб бориляпти.
“Олмалиқ қуюв механика заводи” корхонасида қиймати 20 миллион доллар бўлган “Тоғ-кон саноати учун қуйма маҳсулотлар ва эҳтиёт қисмларни ўзлаштириш” лойиҳаси бўйича қурилиш ишлари якунланди ва 200 та янги иш ўрни яратилди. Яна бир эътиборли жиҳати, комбинатда қиймати 500 миллион доллар, қуввати 55 минг тонна қуйма маҳсулотларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги машинасозлик заводи қурилади. “Мис кластерини ривожлантириш“ лойиҳаси доирасида 78 миллион долларлик мисдан лента ва листлар, фольга, катанка, бурчакли симлар ишлаб чиқариш ташкил этилади.
Бугунги кунда “шатакка олиш” тизими асосида 10 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар комбинатга ўз маҳсулотларини етказиб бермоқда. “Нурафшон махсус техникалар” корхонаси билан ҳамкорликда 220 тоннагача юк кўтарадиган автосамосваллар ишлаб чиқариш, “Ўзбекистон темир йўллари” жамиятининг “Қуюв механика заводи” корхонасида темир йўл транспорти учун 100 га яқин турдаги қуйма маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари ўзлаштирилмоқда. “Карбон полимер” корхонаси томонидан полимер, фторопласт ва графитдан турли эҳтиёт қисмлар тайёрлаш устида иш кетаётган бўлса, “Zhongtiang Chemical” қўшма корхонасида комбинат учун зарур бўлган кимёвий реагентлар тайёрланмоқда.
Кўриниб турибдики, ички талабни ўрганиш – импортни таҳлил қилиш – ресурс базасини аниқлаш – янги лойиҳалар ишлаб чиқиш “занжири” асосида лойиҳалар йўлга қўйилса, натижалар, албатта, ижобий бўлади.
Абдулла ХУРСАНОВ,
“Олмалиқ кон-металлургия комбинати”
акциядорлик жамияти бошқаруви раиси