Тадбирда Зарафшон шаҳрида бунёдкорлик соҳасида кўплаб хайрли ишларни амалга ошириб келаётгани, кўплаб ижтимоий соҳа объектлар қуриб берилгани, жумладан, имконияти чекланган болалар учун фойдаланишга топширилаётган махсус мактабгача таълим ташкилоти ҳам хайрли ишларнинг мантиқий давоми эканлиги алоҳида таъкидланди.
Имконияти чекланган болалар учун барпо этилган ушбу замонавий мактабгача таълим ташкилотини қурилиш ва жиҳозлаш ишларига қарийб 30 млрд. сўм маблағ сарфланди. Ташкилот махсус жиҳозлар, тиббиёт ускуналари билан таъминланди. Машғулотлар белгиланган дастур асосида гуруҳлар асосида олиб борилади. Учта блокдан иборат икки қаватли бинонинг иккитасида лифтлар ўрнатилган. Ташкилот болажонларимизнинг униб-ўсиши ва таълим-тарбия олишлари учун барча қулайликларга эга бўлиб, футбол майдончаси, ёзги ва қишки бассейн, сунъий қопламали болалар майдончаси, югуриш майдончаси улар ихтиёрида.
90 ўринга мўлжалланган мазкур кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти вилоятнинг олис ҳудуди бўлган Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманларида мактабгача ёшдаги имконияти чекланган фарзандларимизни соғлом болалар қатори таълим-тарбия олишларига ҳамда уларни тезроқ соғлом ҳаёт ва жамиятга қўшилишида муҳим аҳамият касб этади.
Кўп тармоқли ДМТТнинг бошқа МТТлардан фарқи шундаки, унда махсус ускуналардан ташқари қуёш батареялари ўрнатилган. Яъни МТТда доимий тарзда электр мосламалар қуёш батареяларидан қувватланади. Бундан ташқари, болажонлар учун махсус қишки боғ ҳам яратилган. Бу оддий боғча эмас, реабилитацион марказ сифатида фаолият юритади, махсус таълим ва тарбияга мухтож болажонлар эндиликда олис ҳудуларга бориб юришмайди, чунки бу ерда барча имкониятлар мавжуд. Ушбу МТТнинг фондини ташкил этишда Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда вилоят хокимлиги томонидан 400 млн. сум ажратилди.