Аммо уйга келиб, ишлатиб кўргач, телефонда нуқсон бор экан. Ҳартугул, қайтариб олиб келса алмаштириб берди. Буни қарангки, иккинчи телефон ҳам умуман ишламади. Уни алмаштиришдан эса сотувчи бош тортди.
Икки марта “оғзи куйган” харидор Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ҳақида хабар топади. Шаҳноза ўз ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда, Жиззах вилоят Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бирлашмасига ариза билан мурожаат этди. Мазкур ҳолат мутасаддилар томонидан ўрганилиб, Шаҳноза Қурбонованинг ишламаётган мобиль телефони сифатлисига алмаштириб берилди.
Зафаробод туманидаги “Чўлигулистон” ҚФЙда истиқомат қилувчи яна бир истеъмолчи Мафтуна Омонованинг ҳам муаммоси ўз вақтида ҳал этилди. У Пахтакор туманидаги “PREMIER” савдо дўконидан 3 миллион 400 минг сўмга музлатгич сотиб олган. Аммо хонадонига ўрнатгач, музлатгич яхши ишламаган. Мижоз ўз имкониятлардан фойдаланган ҳолда сервис хизматига уч маротаба мурожаат этиб, маҳсулотни созлатса ҳамки, барибир фойдаси бўлмади. Охири, сотувчининг қўпол муомаласидан кейин, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 10-91 рақамли ишонч телефонига мурожаат этишга мажбур бўлган.
Пахтакор тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан муаммо атрофлича ўрганилиб, 3 ойдан буён ечимини топа олмаётган масалага ижобий якун ясалди. Истеъмолчининг носоз музлатгичи янгисига алмаштириб берилди.