Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили»да амалга ошириш бўйича Давлат дастурининг биринчи ярим йилликдаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокамаси чоғида маълум қилинди.
Ҳисоботни Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров тақдим этди.
Ҳисобот даврида саноатда 8 фоиз, хизматлар соҳасида 9,2 фоиз, қурилишда 13,7 фоиз, қишлоқ хўжалигида эса 4,7 фоиз ўсиш қайд этилган.
Давлат бюджети харажатлари 205,6 триллион сўмни ташкил этган бўлиб, шундан 105,8 триллион сўм ижтимоий соҳаларга йўналтирилган.
Инвестиция ва ташқи иқтисодий фаолиятда ҳам юқори кўрсаткичларга эришилган. Йилнинг биринчи ярмида 28,1 миллиард долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга ошган. Шундан 26 миллиард доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига тўғри келган.
Экспорт ҳажми эса илк бор 15,9 миллиард долларга етган.
Аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш бўйича ҳам қатор натижалар қайд этилган. Жумладан, 506 минг нафар аҳоли доимий ишга жойлаштирилган, 2 миллион 616 минг нафар фуқаронинг даромади оширилган. 546 минг нафар норасмий банд фуқаронинг фаолияти легаллаштирилган.
Маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштиришга қаратилган 104 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, улар орқали 246 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланган.
Кўрилган чоралар натижасида ишсизлик даражаси йил бошидаги 4,8 фоиздан 4,5 фоизга камайган. Камбағаллик даражаси ҳам 4,5 фоизга тушган. 2 756 та маҳалла «камбағалликдан холи» ҳудудга айлантирилган.
«Ижтимоий реестр»даги 227 мингта камбағал оилага даромадини оширишга қаратилган 300 мингта хизмат кўрсатилган.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш натижасида қарийб 37,8 мингта янги кичик бизнес субъекти ташкил этилган. Савдо-саноат палатасининг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан тадбиркорлик субъектларига 70 мингга яқин бизнес хизмати кўрсатилган.
Муҳокама давомида депутатлар эришилган натижалар билан бирга Давлат дастурида белгиланган айрим вазифалар ижроси ва мақсадли кўрсаткичларга ўз вақтида эришиш масалаларига ҳам эътибор қаратди.
Хусусан, яратилаётган иш ўринларининг барқарорлиги ва даромадлилигини баҳолаб бориш, камбағалликни қисқартириш чораларини ҳар бир маҳалланинг эҳтиёж ва имкониятларидан келиб чиқиб ташкил этиш, кичик бизнес ва микролойиҳаларни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
Депутатлар Давлат дастури ижросини фақат рақамлар билан эмас, балки яратилган иш ўринларининг барқарорлиги, маҳаллаларда даромад манбаларининг кўпайиши ва аҳоли турмушидаги реал ўзгаришлар нуқтаи назаридан ҳам баҳолаш зарурлигини таъкидлади.
Муҳокамалар якунида депутатлар Давлат дастурининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи бўйича тегишли қарор қабул қилди.