Бу ҳақда ИИВ маълум қилди.

Ички ишлар вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш маркази бу мақсадда сервер ускуналарини етказиб бериш бўйича давлат харидини эълон қилди.

Режага кўра, 2026–2027 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллаларида ўрнатилиши режалаштирилган қарийб 125 мингта интеллектуал видеокузатув камераси «Хавфсиз шаҳар» платформасига интеграция қилинади.

Бунинг учун мамлакатдаги барча 8992 та маҳалла, жумладан, Тошкент шаҳридаги 585 та маҳаллани қамраб олувчи 630 та юзни таниш сервери, 52 та видеомаълумотларни сақлаш сервери ҳамда 14 та давлат рақам белгиларини аниқлаш маълумотларини сақлаш сервери харид қилинади.

Яъни камералардан келадиган катта ҳажмдаги маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш ва сақлаш учун «Хавфсиз шаҳар» тизимининг техник имкониятлари сезиларли даражада оширилади.

Давлат хариди битта лот сифатида ўтказилмоқда. Техник топшириқ комплекс экспертизадан ўтказилган. Ҳужжатларда муайян ишлаб чиқарувчи ёки товар белгисига талаб қўйилмаган ва «ёки эквивалент» шарти белгиланган.

Масъуллар таъкидлашича, якуний нарх давлат хариди натижасида аниқланади.

Лойиҳа маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятларни тезкор аниқлаш имкониятларини кенгайтиришга, шунингдек, ички ишлар органларида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланишни ривожлантиришга қаратилган.