Бу Президентнинг “Сел-тошқин сувларидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, лойиҳа сел-тошқин сувларидан самарали фойдаланиш, сув ресурсларини кўпайтириш, қўшимча ер майдонларини ўзлаштириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини оширишга хизмат қилади.

Қарор асосида 2027–2030 йилларда Жиззах вилояти Бахмал туманида Тангатопдисой, Самарқанд вилоятида Ғиждувонсой, Чоштепасой ва Оқтепасой, шунингдек, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Оқсокотасой сел-сув омборлари барпо этилади.

Ушбу иншоотлар қурилиши ҳисобига Самарқанд вилоятида 7 минг гектар, Тошкент вилоятида 2 минг гектар ва Жиззах вилоятида 300 гектар ерларнинг сув таъминоти яхшиланиши кутилмоқда. Шунингдек, Самарқанд вилоятида 3,3 минг гектар ва Тошкент вилоятида 300 гектар янги ер майдонлари ўзлаштирилади.

Қарор иловасига кўра, мазкур 5 та лойиҳанинг умумий дастлабки қиймати 997 миллиард сўм этиб белгиланган.

Лойиҳаларни молиялаштириш республика бюджети маблағлари, “Agrobank” АТБ маблағлари, шунингдек давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилинадиган хусусий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилади.

Хусусан, Жиззах вилоятидаги Тангатопдисой ҳамда Тошкент вилоятидаги Оқсокотасой сел-сув омборларини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш режалаштирилган.

Қарорда сел-сув омборлари атрофида туристик-рекреацион ҳудудлар ташкил этиш, балиқчиликни ривожлантириш ва қўшимча хизмат кўрсатиш йўналишларини йўлга қўйиш имконияти ҳам назарда тутилган.

Ҳужжат ижросини назорат қилиш Бош вазир Абдулла Арипов ҳамда Президент администрацияси раҳбарияти зиммасига юклатилган.