Унда қайд этилишича, мамлакатимиз ҳудудидан бронза даврига мансуб, тахминан 4 минг йиллик тарихга эга бўлган ва трепанация — бош суягида жарроҳлик амалиёти ўтказилганини кўрсатувчи излар сақланган бола бош суяги топилган.
Мазкур топилма Марказий Осиёда қадим замонларда жарроҳлик амалиёти амалга оширилганининг муҳим далили бўлиб, Осиё қитъасида аниқланган энг қадимги шундай намуналардан бири ҳисобланади.
Ноёб кашфиёт ўзбек ва италиялик олимлардан иборат халқаро тадқиқотчилар гуруҳи томонидан Жарқўтон археологик ёдгорлигида олиб борилган қазишмалар давомида аниқланган. Ёдгорлик Афғонистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган бўлиб, милоддан аввалги III минг йилликнинг охирига мансуб ҳисобланади.
Олимлар маълумотига кўра, жарроҳлик амалиёти излари тахминан беш ёшида вафот этган боланинг бош суягида аниқланган. Ушбу мақбара Окс цивилизацияси даврига тегишлидир.
Қазишма ишларига раҳбарлик қилган Энрико Аскалоне мазкур топилма Марказий Осиёда тўрт минг йил аввал яшаган жамиятларда тиббий билимлар юқори даражада бўлганини кўрсатувчи муҳим далил эканини таъкидлади.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, кашфиёт ўша давр тиббиётининг ривожланганлик даражаси, мутахассисларнинг маҳорати ҳамда нега бундай мураккаб операция ёш болага ўтказилгани ҳақида янги илмий саволларни кун тартибига чиқармоқда. Бу саволларга жавоб топиш мақсадида тадқиқотлар давом эттирилади.