Эркаклар ўртасидаги баҳсларда Ўзбекистон-1 терма жамоаси Ямайкани 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Жамоа сафида Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминов дона сурди. Жавоҳир Синдоров эса биринчи турда дам олди.
Ўзбекистон-2 терма жамоаси Афғонистон устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, Ўзбекистон-3 Мали жамоасини 3,5:0,5 ҳисобида мағлуб этди.
Аёллар ўртасида ҳам барча уч жамоамиз биринчи турни ғалаба билан якунлади. Ўзбекистон-1 Тринидад ва Тобагони 4:0, Ўзбекистон-2 Тогони 3:1, Ўзбекистон-3 эса Танзанияни 4:0 ҳисобида мағлуб этди.
Шу куни асосий фаворитлардан АҚШ Ироқни 3,5:0,5, Ҳиндистон Таиландни 3:1, Хитой эса Угандани 4:0 ҳисобида мағлуб этди.
Биринчи турда кутилмаган натижалардан бири Ҳиндистон терма жамоаси етакчиси Аржун Эригайсининг мағлубияти бўлди. У ўзидан қарийб 400 рейтинг очкоси паст бўлган таиландлик халқаро мастерга ютқазди.
Маълумот учун, Ўзбекистон мусобақага мезбонлик қилаётгани сабабли қоидаларга кўра эркаклар ва аёллар ўртасида учтадан жамоа билан иштирок этмоқда.
2-турдаги баҳслар
Эркаклар:
Ўзбекистон-1 — Перу
Германия — Ўзбекистон-3
Жазоир — Ўзбекистон-2
Аёллар:
Эквадор — Ўзбекистон-1
Ўзбекистон-3 — Испания
Иордания — Ўзбекистон-2