Мингга яқин тарихий меъморий обида ва қадамжолар мавжуд бўлган бизнинг мамлакатимизда туризм имкониятлари ниҳоятда кенг.

Мамлакатимизда ҳам иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ фойдаланиш, туризм тармоғини бошқаришни тубдан такомиллаштириш, соҳага инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, мамлакатнинг бой табиий, маданий ва тарихий меросининг мавжуд ресурслари ва имкониятларидан ҳар томонлама фойдаланиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Шу кунларда Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) бош котибининг таълим масалалари бўйича маслаҳатчиси Манана Угулава бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Ташриф давомида UNWТО делегацияси Илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш халқаро “Ziyo Forum” фондида бир қатор учрашувлар ўтказди. Угулава хоним юртимиздаги таълим соҳасида катта ютуқларга эришган хусусий мактаб раҳбарлари билан суҳбат олиб борди. Қайд этилишича, Люцерн Амалий фанлар ва санъат университетида (HSLU) давлат гранти асосида таълим олиш учун ҳар йили 100 та ўрин ажратилади, жумладан, Марказий Осиё давлатлари учун ушбу сон 50 тани ташкил этади.

Ташрифнинг навбатдаги куни Манана Угулава, Халқаро туризм академияси (ITA) ҳамкори Нино Лордкипанидзе, Лес Рочес Марбелла, Global Hospitality директори Мано Солар ҳамда Луcерн Туризм департаменти раҳбари Урс Вагенсей билан “Ziyo Forum” жамоаси учрашуви бўлиб ўтди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида сўзга чиққанлар сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм барқарор ривожланиб келаётгани, соҳага катта эътибор қаратилаётгани ва кўп ўзгаришлар кузатилаётганини эътироф этишди.

Тадбир якунида “Ziyo Forum” фонди ҳамда UNWТО ўртасида ишонч меморандуми имзоланди.

– Бизнинг олдимиздаги вазифа энди “Ziyo Forum” халқаро фонди ва Бутунжаҳон туризм ташкилоти ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан имзоланган шартномани амалиётга тезроқ жорий этишдир, – дейди Ўзбекистон Республикаси илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш халқаро “Ziyo Forum” директори Бобур Фарманов.

Эндиликда талабалар алмашинув дастурлари, профессор ва тадқиқотчиларнинг ташрифларини қўллаб-қувватлаш, туризм соҳасида янги малакали кадрлар тайёрлаш, келгусида ташкил этиладиган таълим соҳасида форум, конференция, кўргазма ва иш ярмаркалари бўйича томонларни хабардор қилиш ва бошқа қатор йўналишлар бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади.

 

Зулхумор Акбарова