Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жиззах вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур ҳолат фош этилган.

Маълум бўлишича, солиқ инспекцияси бош инспектори Х.Ш. ЯТТ “T.M.”нинг 1,4 млн сўмлик солиқ қарздорлигини 17 млн сўм деб кўрсатган. У тадбиркорга қарздорликни тўламаса, бу ҳақда тегишли идораларга маълум қилишини айтган.

Шундан сўнг Х.Ш. 9 млн сўм берса, юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали ушбу қарздорликни йўқ қилиб беришини ваъда қилган. У 2 млн сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган, қолган 7 млн сўмни эса Жиззах шаҳар солиқ инспекцияси биноси олдида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.