Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Бутунжаҳон аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни муносабати билан “Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат” халқаро кампанияси доирасида жорий йилнинг 27 ноябрь куни Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида журналист ва блогерлар иштирокида пресс-тур ўтказилди.

Пресс-тур давомида журналистлар реабилитация маркази фаолияти, бу ерда зўравонлик ва турли тазйиқларга учраган аёллар учун яратилган шароит, йўлга қўйилган касб-ҳунар ўрганиш жараёнлари билан яқиндан танишди.

Масъуллар ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.

Ҳозирги вақтда давлат томонидан ижтимоий ҳимоя кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, маиший зўравонликка учраган хотин-қизларни ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилишни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш соҳасида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланиб, ижрога қаратилмоқда. Шунингдек, рақамли хизматлар йўлга қўйилиб, ижтимоий ҳимоя марказлари тизими ташкил этилди.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга руҳий инқироз ҳолатида бирламчи тиббий, психологик ва ижтимоий хизмат кўрсатиш мақсадида шошилинч қабул бўлими мавжуд шифохоналарда бирламчи кўмак хоналари ташкил этилди. Бирламчи кўмак хоналарига тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари қабул қилинади.

Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига Бирламчи кўмак хоналарида биринчи навбатда тез тиббий ёрдам кўрсатилади.  3 кунгача “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази психологи, ҳуқуқшунос ва ижтимоий ходими томонидан тегишли ёрдам ва хизматлари кўрсатилади. Агар хотин-қизларга чуқурлаштирилган реабилитация дастурини ўташ зарур бўлса, улар Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига йўналтирилади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахслар, бошқа жисмоний ҳамда юридик шахслар томонидан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати тўғрисида қуйидаги тартибда мурожаат қилинади:

 “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки ижтимоий ходимга;

 ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг “102” телефон рақамларига ёки бевосита профилактика инспекторларига;

 “112” ягона диспетчерлик хизмати ҳамда 1146 қисқа рақамли “ишонч телефони”га.

 Мурожаат бўйича 24 соат ичида қуйидагилар амалга оширилади:

хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги профилактика инспектори томонидан тазйиқ ва зўравонликни содир этган шахс билан суҳбат ўтказилади;

 ижтимоий ходим хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларининг ҳолатини дастлабки тарзда баҳолаш чораларини кўради;

профилактика инспектори томонидан хотин-қизларга ҳимоя ордери расмийлаштирилади ҳамда заруратга кўра бирламчи кўмак хоналарига жойлаштириш учун тегишли далолатномани расмийлаштиришга доир чораларни кўради;

ижтимоий ходим ва профилактика инспектори томонидан хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари уларнинг розилиги асосида бирламчи кўмак хонасига жойлаштирилади.

 Хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига ижтимоий хизматлар “Инсон” марказлари, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг ҳудудий марказлари томонидан кўрсатилади.

Дарҳақиқат, тазйиқ ва зўравонликка учраганларнинг ижтимоийлашуви ҳамда жамиятга интеграциясини таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ва улар учун ижтимоий ёрдам ҳамда хизматларни ривожлантириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тўлиқ рақамлаштирилиб, жабрланувчиларни тезкор аниқлаш ва ижтимоий хизматларни ўз вақтида ташкил этиш тизими йўлга қўйилди.

Зўравонликка учраганларга хизмат кўрсатиш бўйича янги электрон модул ишга туширилиб, ҳимоя ордерлари ва жабрланувчиларга доир маълумотлар “Инсон” марказларига реал вақт режимида етказиб берилиши таъминланди.