Маънавий-маърифий тадбир давомида “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Хусанов Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан пойтахтимиздаги 482-сонли мактабгача таълим ташкилоти “Зукко Болажон!” фотоальбомида акс этган фотосуратлар асосида намунавий тарзда безатилиб, “Маънавият бурчаги” ташкил этилгани, бу болажонлар ҳамда соҳа мутахассислари томонидан илиқ кутиб олинганини алоҳида таъкидлади.

Мазкур жараёнда болаларни маънавий оламини бойитиш, уларда миллий анъаналарга қизиқиш уйғотиш, шарқона тарбиянинг нодир ва нозик жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилганини билдирди. Шунингдек, “Зукко Болажон!” фотоалбомини 36-сонли мактабгача таълим муассасасига ҳадя этиб, жамият болажонларнинг маънавий оламини янада бойитишга хизмат қиладиган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда давом этишини билдирди.

Мактабгача таълим вазири маслаҳатчиси Камола Рисқулова эса “Зукко Болажон!” фотоалбоми ва деворий лавҳалар катта совға бўлганини, бу каби лойиҳалар фақатгина фарзандларимиз манфаати учун хизмат қилишини таъкидлади.

Шундан сўнг саҳнага болажонлар таклиф этилди, улар бахтли болаликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ҳамда “Самарқанд қизлари”, “Андижон полкаси” номли шўх рақслар билан иштирокчилар кайфиятини янада кўтарди.

Шунингдек, тадбир давомида соҳа ходимлари учун шўъбаларга бўлинган ҳолда бола тарбияси ҳамда унинг маънавий камолоти хусусида семинар-тренинг ўтказилди. Семинарни иқтисод фанлари номзоди, доцент Обиддин Маҳмудов, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Жавдат Пўлатовлар олиб борди.

“Зукко Болажон!” лойиҳаси доирасида фотокўргазма ҳамда Самарқанд қўғирчоқ театри томонидан томошалар намойиш этилди. Кулолчиликка қизиқиши бўлган болалар учун ажойиб дарслар ташкил қилинди, деб ёзмоқда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти Ахборот хизмати.