Бугунги глобал шароитда таълимни рационал ташкил этиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Жаҳонда шиддат билан давом этаётган тўртинчи саноат инқилоби илғор таълим технологияларини яратиш, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан боғлиқ жараёнларда жиддий ўзгаришлар талаб қилмоқда.

Шу ўринда адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маънавий тараққиётни таъминлаш, соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш, умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш таълим соҳасидаги истиқболли мақсадларга интеллектуал салоҳиятни сафарбар қилишга замин яратади.

Куни кеча Президентимиз ҳузурида халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Видеоселекторда давлатимиз раҳбари қатор вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, Тошкент давлат педагогика университетини Халқ таълими вазирлиги таркибига ўтказиш, мактаб ўқитувчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича республикадаги таянч муассасага айлантириш зарурлигини қайд этди.

Бундай масъулиятли вазифаларни бажаришда Тошкент давлат педагогика университети муайян тажриба жамланган таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2016 йил 13 майдаги “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора­-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан университет олий таълимнинг педагогика йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида республикамизнинг базавий олий таълим муассасаси этиб белгиланган.

Айни пайтда университетда таълимнинг кундузги, кечки, сиртқи шаклларида 41 та бакалавриат таълим йўналиши ва 29 та магистратура мутахассислиги бўйича, шунингдек, Беларусь давлат педагогика университети билан тўртта, Москва давлат педагогика университети билан битта таълим йўналиши бўйича 3+1 шаклида қўшма дастур асосида кадрлар тайёрланмоқда.

Бугунги инновацион ривожланиш палласида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Кейинги беш йилда мамлакатимиздаги барча ислоҳот мана шу қатъий тамойил асосида рўёбга чиқди. Жумладан, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириши борасида ҳам. Ҳозир университетимизда 52 нафар фан доктори, профессор ҳамда 293 нафар фан номзоди, доцент фаолият кўрсатяпти. Бу йил 1 март ҳолатига кўра, профессор­ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти 45 фоизни ташкил этди. Бироқ бугунги кун муваффақиятларга суяниб яшашни эмас, берилган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиб, фаолиятга танқидий нуқтаи назардан баҳо бериб ишлашни талаб этмоқда. Шу маънода, олий таълим муассасамизда илмий педагог кадрлар тайёрлаш бўйича жорий йил охиригача мўлжалланган истиқболли режа ишлаб чиқилган. Жумладан, илмий­ тадқиқотини якунлаётган профессор­ўқитувчи ва изланувчиларга етарли шароит яратилгани ва амалий ёрдам берилгани натижасида  сўнгги беш ойда 68 та диссертация ёқланган.

Илм-­фан ва инновациялар янгиланаётган Ўзбекистон тараққиётида стратегик аҳамиятга эга устувор соҳага айланди. Жаҳон банки академик инновациялар фондининг “Олий таълим муассасаларида педагогика ва  психология фанини ўқитиш амалиёти ва  онгости соҳасига доир таълим бериш жараёнини такомиллаштириш” номли грант доирасида психофизиология ҳамда психологик хизмат илмий лабораториялари ташкил этилди.

Иқтидорли талабалар билан олиб борилган ишлар самараси ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Жумладан, бу йил икки нафар талабамиз Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳиби бўлди. Бир нафар талабамиз Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендиясини ҳамда 9 нафар талабамиз номдор стипендияларни қўлга киритди. Бу ўтган йилга нисбатан икки баробар кўп  демакдир.

Ўзининг қарийб 90 йиллик тарихи ва шонли анъаналарига эга бўлган университет битирувчилари бугун нафақат мамлакатимиз, балки кўплаб хорижий давлатларда педагогик фаолият билан машғул.

Узоқ йиллар мобайнида муассасада таълимнинг замонавий технология ва методларини ишлаб чиқиш, жорий қилиш бўйича бой тажриба тўпланган. Узлуксиз таълим тизимининг барча бўғини учун яратилган ўқув ва методик адабиётларнинг катта қисмига университет жамоаси аъзолари муаллифлик қилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Келгуси ўқув йили учун дунёнинг етакчи 500 талигига кирган педагогика олий таълим ўқув режаларидаги фанлар сони оптималлаштирилди. Талабаларнинг кредит­-модуль тизими бўйича таълим натижаларини баҳолаш ва назорат қилиш тартиби такомиллаштирилди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб педагогика соҳасида таҳсил олаётган талабаларнинг 4+2 схемаси асосида мактабларда бўлишини назарда тутган ўқув режалар асосида таълим жараёнига татбиқ этиш мўлжалланмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилгани таълим муассасаларидаги ўқитиш сифати ва самарадорлигини ўрганиш ҳамда улар рейтингини тузишда катта аҳамият касб этмоқда. Университетнинг мамлакатимиздаги миллий олий таълим муассасалари рейтингидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш мақсадида ҳам тизимли ишлар бажарилмоқда. Жумладан, 2022 йилда муассасанинг халқаро рейтингларда иштирокини таъминлаш учун QS­Hub (глобал рейтинг, минтақавий рейтинг ва иш берувчилар рейтинги), Times Higher Education (THE) Impact RankingsUI GreenMetrics World University Ranfing халқаро рейтинг йўналишлари бўйича муайян ишлар қилинмоқда.

Олийгоҳда талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида қатор амалий ишларга қўл урилмоқда. Тизимда бугунги долзарб вазифалардан бири бўлган талабалар бандлигини таъминлаш бўйича ҳам салмоқли ишлар бажарилди. Кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 12306 нафар талабанинг 3300 га яқини иш билан таъминланди. Сўнгги бир ойда университетнинг ўзига 150 нафар талаба, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларига 600 нафар талаба ишга жойлаштирилди.

Ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларини жорий этиш, назарий билимнинг ишлаб чиқариш амалиёти билан узвийлигини таъминлаш, битирувчиларни иш билан таъминлашда мақсадли ҳамкорлик йўлга қўйилади. Талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан, педагогик кўникмаларни шакллантиришга эътибор кучайтирилади.

Муассасамизда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш учун талабаларнинг аудиторияда олган назарий билим ва кўникмаларини амалиётда муст аҳкамлаш мақсадида умумий ўрта  таълим муассасаларида 80 дан ортиқ кафедра  филиали ташкил этилди. Ҳалқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўналишида ҳам эътиборга лойиқ ишлар бажарилди. Сўнгги 4 ойда хорижий мамлакатлар, хусусан, Россия Федерациясининг 4 та, Америка Қўшма Штатларининг 1 та, Корея Республикасининг 1 та нуфузли олий таълим муассасаси билан халқаро битим ва меморандумлар имзоланди.

Шунингдек, Буюк Британия ҳамда Жанубий Корея университетлари билан ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борилмоқда.  2022 йил якунига қадар 20 дан ортиқ битим ва меморандум имзолаш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари ўқитиш тизими, жумладан, мактаб таълимини такомиллаштириш бўйича соҳа ходимлари олдига қўяётган вазифалар жамоамиз зиммасига улкан масъулият юклайди. Юқорида айтилганидек, Тошкент давлат педагогика университети айнан мактаб таълими учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасаси этиб белгиланди.

Талабаларнинг мустақил билим олиши учун имкониятни кенгайтириш, ижодий тафаккурини ривожлантириш, замонавий муаммоларни кўриш ва ҳал қилиш, малакасини такомиллаштириш бўйича амалий ишларни илмий изланиш билан уйғун олиб бориш талаб этилади. Таълим тизимидаги ислоҳотларнинг жойларга етиб бориши, кадрларнинг бугунги кун талабларини тўлиқ англаб етиши ва уларга жавоб беришига эришишда ҳам университет жамоасидан катта меҳнат талаб этилади.

Президентимиз таклифлари асосида қисқа муддатда университетда инсон капитали ресурсларини инвентаризация қилиш ва қайта тақсимлаш, ташкил этилган мобиль-­методик гуруҳлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ўқитишнинг илғор методикаларини маҳаллий хусусиятларга мос тарзда уйғунлаштириш, айниқса, табиий ва аниқ фанларни ўқитишнинг муқобил методикаларини яратиш борасида амалий ишлар бажарила бошланди.

Ҳозир биз зурриёдларимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишга масъулмиз. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда янги Ўзбекистон янгидан­янги юксак марраларга эришиши, инсоният бахт­саодати, фаровонлиги ва равнақи учун ўрнак бўлишига шубҳа йўқ.