Очиқлик ва ошкоралик қонун устуворлигини ҳамда аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини таъминлашнинг асосий омиллардан биридир. Ҳар бир давлат идораси фуқаролар олдида ҳисобдор бўлиши керак.

Буни яхши англаган ҳолда Адлия вазирлиги анъанага кўра очиқ мулоқот шаклида жамоатчиликка ҳисобот берди. Жорий йилнинг 15 февраль куни вазирлик биносида журналист ва блогерлар учун ҳисобот учрашуви ташкил этилди.

Ушбу интерфаол, очиқ мулоқотда адлия вазири Русланбек Давлетов иштирок этди. Тадбир 2020 йилда амалга оширилган ишлар, келгуси режалар, вазирлик томонидан йўлга қўйилиши кутилаётган янги лойиҳалар тўғрисида ОАВ ва жамоатчиликни хабардор қилиш, медиа ҳамжамият билан яқин мулоқот ўрнатиш мақсадида ўтказилмоқда. Унда “Адлия ҳисобот беради!” китоби иштирокчиларга тақдим этилди, махсус ролик намойиш қилинди.

COVID-19 пандемияси 2020 йилда дунё мамлакатлари кун тартибидаги асосий масалага айланди. Адлия органлари ҳам ушбу шароитларга мослашишиб ишни ташкил этди. Хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқий маслаҳатга бўлган эҳтиёжини масофавий тарзда қондириш мақсадида телеграм мессенжерида @huquqiy_maslahatbot, @notariusmaslahatibot, @davxizmataloqa_bot каби ботлар ишга туширилди.

Долзарб ва кундалик ҳаётда кўп дуч келинадиган ҳолатлар бўйича вазирлик веб-сайтида 21 та йўналишни ўз ичига олувчи алоҳида “Сўраган эдингиз” бўлими ташкил этилди. Пандемия даврида аҳоли билан икки томонлама алоқани йўлга қўйиш мақсадида фуқаролар томонидан энг кўп берилаётган саволлар бўйича вазирликнинг фейсбукдаги “Адлия билан мулоқот/Диалог с юстицией” гуруҳида 40 га яқин онлайн мулоқотлар ташкил этилди. Илк бор шахсан адлия вазири томонидан Facebook ижтимоий тармоғидаги “Халқ билан мулоқот/диалог с народом” гуруҳида фуқаролар билан онлайн мулоқот ўтказилди.

Шу билан бирга, вазирлик “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Президент Халқ қабулхонаси кўмагида “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акциясини амалга оширди. Акция доирасида 5 мингдан зиёд киши қамраб олинди.

Пандемия даврида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида электрон давлат хизматлари турлари сезиларли даражада кўпаймоқда. 2020 йилда давлат хизматлари марказлари томонидан 8,2 млн хизмат кўрсатилди. Электрон (онлайн) хизматлар олиш улуши 16 фоизни ташкил қилди. Фуқаролар томонидан уйдан чиқмасдан масофадан туриб электрон имзо калитини олиш имконияти пайдо бўлди. ФҲДЁ архивларида сақланаётган қоғоз шаклидаги 60 млнга яқин архив маълумотлари тўлиқ рақамлаштирилди.

Ягона давлат ҳуқуқ сиёсатини амалга оширувчи орган сифатида Адлия вазирлиги норма ижодкорлиги ва ҳуқуқий экспертиза соҳасида зиммасидаги маъсулиятни чуқур англамоқда.

2020 йилда келиб тушган лойиҳаларнинг 36% да фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклашга ҳамда тадбиркорлик фаолиятининг мураккаблашувига сабаб бўлувчи қоидалар аниқланганлиги сабабли, уларнинг қабул қилинишини ҳуқуқий экспертиза босқичида тўхтатилди.

Идоравий ҳужжатларни қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш 2020 йил 1 июлдан бошлаб project.gov.uz электрон платформаси орқали амалга оширила бошланди ва Ўзбекистон тарихида биринчи марта электрон шаклдаги қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Тизим орқали бугунги кунга қадар 100 га яқин идоравий ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказилди.

Идоравий ҳужжатлар нормаларини юқори юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатларига ўтказиш ва “тартибга солиш гильотинаси” усулини қўллаш орқали – 2020 йил давомида 400 га яқин идоравий ҳужжатлар ўз кучини йўқотган деб топилди.

Ҳудудий адлия органлари томонидан 2020 йил давомида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 1 147 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган. Шундан 178 та лойиҳа белгиланган талабларга риоя қилинмай тақдим қилинганлиги сабабли қайтарилган. 1 106 та тақдимномага асосан 255 та нафар шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиб, 1 035 та қарорлар бекор қилинган.

Яна бир муҳим соҳа — инсон ҳуқуқлари. Адлия органларига келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижасида 63 535 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. 3 893 та тақдимнома давлат органлари ва идораларга киритилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди. 185 млрд сўмлик даво аризалари судларга киритилди. 873 та давлат органлари ва ташкилотларининг ҳужжатлари бекор қилинди ёки ижроси тўхтатилди.

2020 йил февраль—март ойларида ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган жойларда улар учун яратилган шароитлар бўйича ўрганиш ўтказилди. Ўрганиш бўйича қонун нормаларида белгиланган шароитларни яратмаган масъул ташкилотлар устидан 681 та тақдимномалар киритилди, 362 та пандус ўрнатилди ва талаб даражасига келтирилди.

Адлия тадбиркорга дўст лойиҳаси доирасида тадбиркорлик фаолияти учун ҳар томонлама кўмак беришга мўлжалланган янги “Biznesga maslahat” интерфаол ахборот портали яратилди ва ишга туширилди. “BUSINESS INDICATOR” электрон платформаси ишлаб чиқилди ва ушбу тизим орқали республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериб борилмоқда.

2020 йилдаги фаолиятни танқидий таҳлил қилиш натижалари бўйича яқин истиқболга мўлжалланган қатор устувор вазифаларни белгилаб олинди. Жумладан:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилишнинг янги тизимини йўлга қўйиш;

ҳокимликлар томонидан “E-qaror” электрон тизими орқали қарор қабул қилиш амалиётини йўлга қўйиш;

“Tashkent Law Spring” II халқаро юридик форумини ўтказиш;

давлат хизматларини оммалаштириш имконини берувчи “Мобиль илова”ни жорий этиш;

юртимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож қатламларига енгиллик яратиш мақсадида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар учун кўрсатиладиган барча турдаги давлат хизматларидан фойдаланишда тўловлар бўйича камида 50 фоиз чегирма жорий этиш;

Ўзбекистон Республикаси Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилади;

ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш;

янги таҳрирда “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш;

инсон ҳуқуқлари соҳасида жамоатчилик мониторинги тизимини шакллантириш;

электрон нотариат хизматларини кўпайтириш.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу вазифаларни амалга ошириш учун адлия органларига янги вазифалар юклатилди:

республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш;

барча соҳаларда қонунчиликни тизимлаштириш ва кодификациялаш ишларини самарали йўлга қўйиш, қабул қилинганига кўп вақт бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва уларни бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларга уйғунлаштириш;

тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимини юритиш;

маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини мониторинг қилиш;

қонун ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириб бориш.

Мақсадлар аниқ, режали ва тизимли ишларимиз давом этади. Зеро, аниқ мақсад билан қилинган иш юқори самара беради.

Адлия вазирлиги

жамоатчилик билан алоқалар бўлими