Ғаллаорол туман давлат архивига янги архив биноси қурилгунга қадар Ғаллаорол туман МТП учун 1956 йилда қурилган масхсус бинода 26 йил давомида архив учун мослаштирилмаган бинода иш фаолиятини олиб борган. Ғаллаорол туман давлат архивининг бугунги кунга қадар 527 та фонддан иборат 83 119 сақлов бирлигидаги хужжатлари талабга жавоб бермайдиган, авария ҳолатидаги бинода сақлаб келинди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ҳамда Жиззах вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги “2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПҚ-4936 сонли қарори” нинг 3-иловасига асосан 2021 йилда Ғаллаорол туманида янги давлат архив биносини қуриш давлат дастурига киритилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 январдаги “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4565-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлигининг 2020 йил 15 январдаги 12-сонли буйруғи асосида Ғаллорол туман давлат архиви янги бино қурилиши ишларини олиб бориш ва унга масъуллар тайинланиши тўғрисида Жиззах вилоят архив иши ҳудудий бошқармасининг 31.01.2020 йилда №19-сонли буйруғи қабул қилинди ҳамда қурилиш ишлари Жиззах вилоят ҳокимлиги Ягона Буюртмачи Инженеринг компанияси асосида пудратчи “Sarvinoz Lyuks Trans” MCHJ (Лойиҳачи:”Шаҳарсозлик Дизайн” МЧЖ) томонидан Ғаллаорол туман давлат архивига Янги Ўзбекистонга мос янги архив биноси қурилиб фойдаланишга топширилди.
Мазкур бино қурилиши ишларига 3 млрд 530 млн сўм маблағ сарфланган, халқаро андозаларга мос келадиган, барча қулайликларга эга бўлган ҳамда энг сўнгги анжомлар билан жиҳозланган.
Бугунги кунда архивда ижтимоий, илмий-техникавий ва иқтисодий тарихини акс еттирувчи миллий архив фондининг ҳужжатлари сақланмоқда. Ғаллаорол туман давлат архивида сақланаётган энг қадимги ҳужжатлар 1913 йилга тўғри келади.
Ҳозирда Ғаллаорол туман давлат архиви Дўстлик маҳалласи Дўстлик кўчасида жойлашган. Янги, замонавий ва техник жихозланган архивда 100 минг ҳужжат сиғими мавжуд бўлиб, бу эски бинога нисбатдан 2 баробар кўпдир. Бугунги кунда архивда 10 - нафар ходимлар фаолият олиб бормоқда.
Тадбирда Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Алибекович Салиев, Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Мирталибович Юсупов, Ғаллаорол туман ҳокими Оқбоев Жалолитдин Жамолович ҳамда архив соҳаси фахрийлари сўзга чиқишди.
Таъкидланишича, юртимизда архив иши тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар архив иши ва иш юритиш соҳасини такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ғаллаорол туман давлат архиви ходимларини янги бино очилиши билан қутлашди. Соҳанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани давлат архивлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга, архив ҳужжатларини келажак авлод учун асраб-авайлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканлиги қайд этилди.
Ўз табрик сўзида "Ўзархив" агентлиги директори Улуғбек Мирталибович архивларимиз халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутишини таъкидлади: “Тарихимизни ўрганмай, билмай туриб, янгичасига яшашни, ҳаёт тарзимизни ўзгартиришимизни, замонга, буюк аждодларимизга мос авлодни тарбиялашимизни амалга ошириш қийин бўлади. Шунинг учун ҳам Архивларга эътибор йилдан йилга ортиб бормоқда. Мазкур давлат архиви биноси ҳам Жиззах вилоят аҳлига, жамиятимизга эзгу мақсадларда хизмат қилади”.
Тадбир қатнашчилари янги бинода яратилган қулайлик ва шароитлар билан танишишди.
Хоналарга замонавий жихозлар, компьютер жамланмалари, интернет тизими, кузатув камералари ўрнатилган.