Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний тарбия ва спорт соҳаси учун тиббиёт кадрларини тайёрлаш ҳамда спортчиларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Тошкент вилоятида соғлиқни сақлаш соҳаси учун олий маълумотли кадрлар тайёрлаш мақсадида қуйидаги вазифалар белгиланди:
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳузурида ташкил этилган тиббиёт факультетини (“Даволаш иши” таълим йўналиши) янада кенгайтириш орқали уни Тошкент тиббиёт академиясининг Чирчиқ филиали (кейинги ўринларда – Филиал)га айлантириш;
Филиалда спорт тиббиёти ва бошқа тиббиёт мутахассисликлари (“Даволаш иши”, “Фармацевтика”, “Педиатрия”) бўйича кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш ҳамда Чирчиқ шаҳридаги барча турдаги тиббиёт муассасаларини Филиалга клиник-ўқув база сифатида бириктириш;
Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳри, Аранча қўрғони, А.Яссавий маҳалласида жойлашган Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги собиқ 3-сонли оилавий поликлиника, Чирчиқ шаҳри, А.Темур маҳалласида жойлашган Чирчиқ тиббиёт коллежининг бино-иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Филиалга беғараз бериш;
Филиалнинг спорт тиббиёти бўйича (“Спорт шифокори”, “Спорт диетологи” ва “Спорт фармакологи”) кадрлар тайёрлашга ихтисослашган факультетини Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети бино-иншоотларининг бир қисмига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш орқали спорт соҳасида кадрларни комплекс тайёрлаш бўйича “Чирчиқ спорт кластери” намунасини яратиш.
Шунингдек:
Спорт тиббиёти (“Спорт шифокори”, “Спорт диетологи” ва “Спорт фармакологи”) йўналишларига қабул параметрлари Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан тақдим этиладиган ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шакллантирилади.
“Спорт шифокори”, “Спорт диетологи” ҳамда “Спорт фармакологи” мутахассислиги бўйича штат бирликларига эҳтиёжи мавжуд бўлган давлат спорт-таълим муассасаларига ушбу штат бирликларини ажратиш назарда тутилди.