Мамлакат етакчисининг халқаро минбарларда илгари сураётган ҳар бир таклиф ва ташаббусида сайёрамизни келгуси авлодга қандай ҳолатда қолдириш ташвиши мужассамлиги фикримизни тасдиқлайди.
Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида сўзлаган нутқининг ўзига хос жиҳатлари хусусида тўхталиб ўтиш жоиз. Маъруза аввалида БМТ сессияси ўтаётган палла халқаро муносабатлар тизимида фундаментал ўзгаришлар юз бераётган шароитга тўғри келгани, жаҳон миқёсида ишонч инқирози кузатилаётгани, глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги муаммолар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш кучаяётгани қайд этилди.
Ушбу омиллар натижасида кенг кўламли кескинлик ортиши ва геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли дунёда савдо, инвестиция ва инновация соҳаларида эркин алмашиш йўлида янги тўсиқлар вужудга келаётгани таъкидланди. Ҳозирги глобал инқирозга ечим сифатида бундай мураккаб шароитда амалий ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш ғояси ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бораётганига урғу берилди.
Тарихий анжуманда қатор муҳим таклифлар билан бирга минтақавий ўзига хосликни англаш туйғусини мустаҳкамлашга доир ташаббуслар илгари сурилгани Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларнинг халқаро минбардаги амалий ифодаси бўлди. Хусусан, Ўзбекистон бундан кейин ҳам Марказий Осиёда яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш муҳитини мустаҳкамлаш йўлидан қатъий бориши таъкидланди.
Юртимизнинг минтақа давлатлари билан биргаликдаги саъй-ҳаракати туфайли давлат чегаралари, транспорт коридорлари ва сувдан фойдаланиш бўйича муаммоларни бартараф этишга муваффақ бўлингани эътироф этилди. 2017-2022 йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2,7 баробар ўсиб, 2,7 миллиард доллардан 7,5 миллиард долларга ошди. Бу умумий ташқи савдо ҳажмининг 15 фоизи демакдир.
Биргина ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизнинг Марказий Осиё давлатлари билан ташқи савдоси ҳажми 17,2 фоиз ортгани, шубҳасиз, минтақавий ташқи сиёсатнинг амалий натижасидир. Минтақамиз Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган транспорт-коммуникация кўпригига айланишга доир салмоқли натижаларни қўлга киритди. Кейинги йилларда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражага чиққани мамнуният билан қайд этилди.
Биргаликда қарийб 140 та дастур ва лойиҳа муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 6 та резолюцияси қабул қилинди, Оролбўйи минтақаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун махсус Траст фонди фаолияти йўлга қўйилди. Халқаро ҳамжамиятнинг қўллови билан Марказий Осиё бирдамлик йўлидан боришда давом этишига ишонч билдирилди. Уни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатида бундан буён ҳам устувор мақсад бўлиб қолади.
Аҳолисининг деярли ярми ёш авлод вакилларидан иборат бўлган Марказий Осиё учун ёшлар ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи, айниқса, долзарб аҳамиятга эга. Ушбу соҳада ҳамкорликни кучайтириш мақсадида яқинда минтақамиз давлатлари томонидан ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари ҳақидаги битим имзоланди. Бу йўналишда БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш ва унинг доирасида “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби — 2030” дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Яна бир муҳим таклиф иқлим ўзгариши билан боғлиқ. Давлатимиз раҳбари дунёда кескин экологик вазият кузатилиб, сайёрамиз миқёсида учта инқироз, яъни иқлим ўзгариши, биохилмахиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучайиб бораётгани хусусида тўхталиб, Марказий Осиё минтақаси кенг қамровдаги иқлим ўзгаришлари олдида заиф ҳудудлардан бирига айланаётганини Орол фожиаси мисолида давом эттирди. Ўзбекистон томонидан Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида кўрилаётган чоралар, минтақамиздаги иқлим ўзгаришининг салбий таъсири ва сув билан таъминланганлик даражасининг камайиши тўғрисидаги маълумотлар йиғилганларни бефарқ қолдирмагани шубҳасиз.
Бу вазиятдан келиб чиққан ҳолда, БМТ Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилиши, Марказий Осиёда сув тежайдиган технологиялар платформаси яратилиши ва минтақамизда қабул қилинган Яшил тараққиёт дастури доирасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилиши қўллаб-қувватланди. Марказий Осиё минтақаси геосиёсий майдонда муҳим ўрин тутади. Қўшни минтақа ва давлатлардаги тинчлик-осойишталик кўп жиҳатдан ушбу ҳудуднинг иқтисодий тараққиёти ва ижтимоийсиёсий барқарорлигига боғлиқ.
Ўзбекистон Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлик муносабатларини сақлаб қолиш ва ривожлантиришни устувор йўналиш сифатида белгилади. Бу саъйҳаракатлар бугун янги босқичга чиқмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, “Бизнинг халқларимизни минтақавий ўзига хосликни англаш туйғуси бирлаштирмоқда ва бу туйғу тобора кучайиб бормоқда. Бизнинг нафақат тарихимиз, балки келажагимиз, ҳаётий муҳим манфаатларимиз ҳам умумий ва муштаракдир. Минтақавий ҳамкорлигимизни кенгайтиришдан бошқа йўлимиз йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас!”
Феруза МАДРАҲИМОВА,
педагогика фанлари доктори, доцент









