Жумладан, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар 7 фоизга оширилади. Шу билан бирга, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори, базавий ҳисоблаш миқдори, давлат божлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ миқдорлари ҳам кўтарилади.

Аграр соҳада урғочи наслдор қорамолларни сақлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратилади.

Шунингдек, техник кўрикдан ўтмаган газ баллон ускунали автомобилларга газ тўлдириш тақиқланади. Ёқилғи ва газ қуйиш шохобчаларида хизмат муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган санаси номаълум бўлган айрим ускуналардан фойдаланиш ҳам чекланади.

Туризм соҳасида хорижий давлатлардан таклиф этиладиган туроператорлар вакилларининг транспорт, яшаш ва овқатланиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади. Маҳаллий туроператорларнинг хорижда ўтказадиган ахборот-тушунтириш тадбирлари харажатларининг 25 фоизигача, бироқ 500 миллион сўмдан ошмаган қисми ҳам қопланиши белгиланган.

Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълимга жалб қилиш бўйича «оилабай» ишлаш тизими жорий этилади. Коррекцион синфлар ташкил этган нодавлат мактабларга эса ушбу синфларда таълим олаётган ҳар бир ўқувчи учун давлат субсидияси ажратилади.

Одам савдосидан жабрланган шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш учун «1146» қисқа рақамли ишонч телефони ишга туширилади. Бошпанасиз шахсларни эса уларнинг розилигисиз суд қарори асосида ижтимоий марказларга жойлаштириш амалиёти бекор қилинади.

Жамоат транспортида ҳам янги тартиблар жорий этилади. Автоматлаштирилган тўлов тизими терминаллари билан жиҳозланган автобусларда йўловчилар йўл ҳақини транспорт воситасига чиқишда тўлашлари лозим бўлади. Шунингдек, пойтахт жамоат транспорти ва шаҳар атрофи темир йўл йўналишларида интеграциялашган тўлов тизими, жумладан, «электропоезд — автобус» ва «электропоезд — метро» тариф режалари жорий этилади.

Бундан ташқари, маданият ва санъат соҳасида фаолият юритувчи айрим субъектлар учун солиқ имтиёзлари берилади. Жумладан, концерт-томоша, кинематография, болалар учун контент яратиш билан шуғулланувчи субъектлар, нодавлат театрлар ва айрим хусусий таълим ташкилотлари бир қатор солиқлардан озод этилади.

Шу тариқа, 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда аҳоли кундалик ҳаёти, меҳнат муносабатлари, транспорт, ижтимоий ҳимоя ва тадбиркорлик соҳаларига дахлдор қатор янги тартиблар кучга киради.