Қарорга кўра, ушбу тоифадаги фуқаролар ҳаво ва темир йўл транспорти, шунингдек, шаҳарлараро автобусларда бепул ёки 50 фоиз чегирма асосида ҳаракатланиши мумкин бўлади.
Имтиёзли чипталар «Uzbekistan Airways» ва бошқа резидент авиакомпаниялар, «Ўзбекистон темир йўллари»нинг ваколатли бўлинмалари, автовокзал ва автостанциялар томонидан «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимидаги маълумотлар асосида берилади.
Бунда фуқаролардан фақат шахсини тасдиқловчи ҳужжат — ID-карта ёки биометрик паспорт талаб этилади.
Ҳаво транспортида «эконом» тарифдаги, темир йўл транспортида эса «эконом», плацкарт ёки купе жойлари учун чипта тақдим этилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб эса имтиёзли тоифага кирувчи фуқароларга авиация, темир йўл ва шаҳарлараро автобус чипталарини «Ижтимоий карта»нинг «Baraka» мобил иловаси орқали бепул ёки имтиёзли шартларда харид қилиш имконияти яратилади.
Транспорт хизматлари харажатлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб борилади.
Маълумот учун, 2025 йилда транспорт хизматини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан қарийб 50 минг нафар шахсга 4,3 млрд сўмлик имтиёзли йўл чипталари тақдим этилган.