Маълум қилинишича, Президентнинг 2026 йил 25 мартдаги ПФ–46-сон фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 майдан бошлаб ҳар ойнинг 10 ва 25 саналарида «Автомобилсиз кун» ҳамда «Автомобилсиз ҳафта» акциялари ўтказиб келинмоқда.
Фармонга кўра, акция кунларида давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг хизмат автотранспортидан фойдаланиши тақиқланади. Шу билан бирга, ҳайдовчиларнинг иш ҳақи сақлаб қолинади.
Ташаббус атмосферага чиқарилаётган зарарли чиқиндилар ҳажмини қисқартириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, экологик барқарор муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат транспорти ва экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш маданиятини оммалаштиришга қаратилган.
Махсус комиссия қарорига мувофиқ, «Автомобилсиз кун» ва «Автомобилсиз ҳафта» акциялари давомида давлат фуқаролик хизматчиларининг хизмат автотранспортидан фойдаланиши одоб-ахлоқ ва хизмат хулқи қоидаларини бузиш деб баҳоланади. Белгиланган талабларга риоя этмаслик эса интизомий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, акция доирасида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, таълим муассасалари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида турли тарғибот тадбирлари, оммавий сайрлар ва экологик акциялар ташкил этилади.
Мутасаддилар давлат ташкилотлари ходимлари ва барча фуқароларни мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга ҳисса қўшишга чақирмоқда.