У аёллар ўртасида ФИДЕ спорт устаси (WFM — Woman FIDE Master) унвонига эга бўлиб, Халқаро шахмат академиясида таҳсил олади.

 

Шахматга бўлган қизиқиш ёш қизалоқни ушбу спорт турининг сирларини чуқур ўрганишга ундади. Машаққатли меҳнат ва сабр ортидан у халқаро миқёсдаги мусобақаларда иштирок этиб, муносиб натижаларга эришиб келмоқда.

 

Жумладан, 2023 йилда 8 ёшгача қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатида 3-ўринни эгаллади. 2024 йилда Ўзбекистон чемпионатида (10 ёшгача) стандарт йўналишида 2-ўрин, блицда эса 3-ўринга сазовор бўлди.

 

Бундан ташқари, Батуми шаҳридаги Жаҳон кубогида бронза медалини қўлга киритди. Жаҳон чемпионатида рапид йўналишида олтин, блицда эса бронза медалига эришди. Шунингдек, 2025 йилда Ўзбекистон чемпионатида стандарт ва рапидда олтин, блицда бронза медалларини қўлга киритди. Ғарбий Осиё чемпионатида стандарт ва блиц йўналишларида 1-ўринни эгаллади. Чўлпон-Ота шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё чемпионатида олтин медалга сазовор бўлди ҳамда Қозоғистонда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида шахмат масалаларини ечиш бўйича 1-ўринни эгаллади.

 

Хуснорахон, 2025 йилда Қирғизистонда ўтказилган Марказий Осиё чемпионатида 12 ёшгача қизлар ўртасида ғолиб бўлиб, рейтинги 1900 дан ошгани сабабли ФИДЕ спорт устаси унвонига сазовор бўлди.

 

Жорий йилда эса шахматчимиз тарих яратди. 2026 йил 1 апрель куни Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) томонидан унга расман аёллар ўртасида ФИДЕ спорт устаси унвони берилди. Шу билан у 11 ёшида мазкур нуфузли унвонни қўлга киритган энг ёш шахматчилардан бири сифатида Ўзбекистон тарихидан жой олди.

 

Бугунги кунда Хуснорахоннинг шахсий рейтинги 1973 ни ташкил этади. Унинг мураббийи — тажрибали мутахассис Егин Владимир бўлиб, ёш истеъдоднинг шаклланишида муҳим ўрин тутмоқда.

 

WFM — аёллар ўртасида ФИДЕ спорт устаси унвони шахмат оламида муҳим босқичлардан бири ҳисобланади. У халқаро гроссмейстер ва халқаро усталик унвонларидан кейинги муҳим поғона бўлиб, спортчининг юқори профессионал даражаси ва халқаро майдондаги барқарор натижаларини тасдиқлайди.

 

Бу унвон Хуснорахон учун халқаро турнирларда иштирок этиш, кучли рақиблар билан баҳслашиш ва янада юқори чўққиларни забт этиш имкониятини очади. Унинг бугунги ютуқлари келгусидаги катта ғалабалар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

 

Хуснорахон Хуснитдинованинг ютуқлари — бу нафақат шахсий муваффақият, балки Ўзбекистон шахмат мактабининг изчил ривожланаётганининг ёрқин ифодасидир. 11 ёшдаёқ тарих яратаётган бу қиз келажакда жаҳон аренасида юртимиз шарафини янада юксакларга олиб чиқиши шубҳасиз.

 

 Зулхумор Акбарова