Мазкур таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатига 303 та мактаб киритилган. Ўтган йили ушбу мактаблар сони 470 тани ташкил этган эди. Бу йил таълим сифати паст бўлган мактаблар сони 167 тага қисқарган.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларга махсус устамалар жорий этилган.

Унга кўра, базавий тариф ставкаларига қуйидаги миқдорларда қўшимча устамалар тўланади:

— бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;

— бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик, яъни бошқа вилоятдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз устама.

Шунингдек, таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудда камида бир йил ишлаган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагоглар жалб этилиши белгиланган.

Бундан ташқари, бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар улар борган мактаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатидан чиқарилган йилдан кейинги йил учун ҳам тўланиши кўзда тутилган.