Мактаб дарвозасига яқинлашган муаллим ҳайратланиб атрофга боқди. Кириш жойининг икки томонида турли русумдаги машиналар жой олганди. Бирма-бир санаб чиқди, 21 та! Буниси Анварники, буниси Азизники... Иккита янги машина кимга тегишли эканини билмади. Хуллас, буларнинг бари шу мактаб ўқитувчиларга тегишли. Эътибор қилмас экан, касбдошларининг аксари янги уловда юраркан. Ҳисоблаб кўрса, шу даргоҳда ишловчиларнинг деярли эллик фоизида енгил машина бор. “Муаллимлар ҳам машина минадиган вақт келибди-ку”, деб қўйди ўзига ўзи: “шу кунларга етказганингга шукр”.
Мактаб остонасига қадам ташларкан, илк бор ўқитувчи бўлиб ишга келган йиллари ёдига тушди. Эҳ-е, у вақтларни эсласа, юраги орқага тортади. Ўшанда 1982 йил кузи эди. Олийгоҳни битириб, қишлоғига қайтган ёшгина Ниёзмуҳаммад Панжиев қучоғида бир олам орзулар билан мактабга ишга кирди. Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлгани боис, ижодга, айниқса, шеъриятга қизиқиши юқори эди. Ўзича, бошқалардан ўзгача тарзда дарс ўтиш, намунали бўлишга интиларди. Афсуски, бу иштиёқи узоққа чўзилмади.
Дастлаб ҳамкасблари даврасига ўтириб, суҳбатига қулоқ тутди. Тажрибали устозлардан нимадир ўрганаман деган эди. Аммо муаллимлар у ўйлаганидек дарс машғулотлари ҳақида эмас, турмуш тарзи, турли муаммолар ҳақида гаплашишарди. Бирови уйидаги етишмовчилик, яна бири қарзи кўпайиб қолгани, бошқаси соғлиғи ҳақида гурунг берарди. Бу ҳолат деярли ҳар куни давом этарди. Ёш муаллим бир-икки йилда ўзи ҳам дардлашадиган бўлиб қолди. Боиси, энди унинг оиласи бор. Ўзига яраша ташвиши ортганди. Лекин маоши ойдан ойга етмай, қарздор бўлиб қоларди. Буёғи ҳали ўқув йилидан олдин пахта терими бошланарди. Шу боис, декабрь ойининг ярмига қадар далада сарсону саргардон юришга мажбур эди. Орадан уч-тўрт ой ўтмасдан яна далага ишга бориш керак. Бу ҳолатда устозлар қачон дарс ўтади, болалар қачон ўқийди? Бу саволлар жавобсиз эди.
“Бир пайтлар уч-тўрт ойлаб маошсиз ишладик, — дейди Н.Панжиев. — Топганимиз ўзимиздан ортмай қолди. Аста-секин эркак ўқитувчилар мактабларни ташлаб кетишга мажбур бўлди. Бошқа илож ҳам йўқ эди. Саноқлигиналари қолди. Тўғриси, анча йиллар таълим-тарбия четга сурилиб, фақат қишлоқ хўжалиги билан овора бўлиб қолдик. Йиғилишларда ҳам фақат пахта, чопиқ, дала тозалаш сўраларди. Мактаб директорлари таълим сифати эмас, дала ишларида фаол иштирок этмагани учун интизомий жазо оларди. Баъзилар шу сабаб ишдан ҳайдалди.
Иқтидорли, ўз фани билимдони бўлган ўқитувчиларнинг билим даражасига эмас, дала ишларидаги иштирокига қараб баҳо берилди. Оқибатда яхши мутахассислар севимли касбини ташлаб кетди. Ўша пайтларда на ўқув хоналарига, на шарт-шароитга эътибор қаратилди. Қишда синф хоналар совуқ, ёзда иссиқ. Дарсликлар етишмасди. Ҳеч ким таълим сифати, самарадорлик ҳақида сўрамади. Ҳатто 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрамини ҳам пахта даласида ўтказишарди.
Очиғи, ўқитувчилик касби йилдан йилга оғирлашиб борди. Кўпчилик яхши эслайди. Илгари банк пластик картасига тушган ойлик маошимизни эмин-эркин ишлата олмасдик. Бозорда терминал, кўчада ҳозиргидек банкомат йўқ эди-да. Ноилож иш ҳақимизнинг 20 фоизини бериб, яна илтимос билан нақд қилиб олардик. Дардингни биров эшитмайди. Машина тугул, янги кийим олишга қурбимиз етмасди. Бугун ўқитувчининг елкасига офтоб тегди дея баралла айтиш мумкин. Ойлиги отнинг калласидек. Ҳар куни бир муаллим машина олади. Янги уй-жой қурмоқда. Турмуши яхшиланди. Оиласига хотиржамлик қайтди. Мисол учун, бизнинг мактабда ҳозир 15 ўқитувчи минг доллар, 4 нафари 2 минг доллардан зиёд маош оляпти. Эссиз ёшлигим, дейман. Буларга ҳавасим келади. Шунча имконият бор, энди фақат ишлаш керак.
Яна бир гап. Бир пайтлар мактабда саноқлигина эркак ўқитувчилар қолганди. Бари турмуш ташвиши билан бошқа ишга ўтиб кетганди. Ёшларга: “Ўқитувчи бўласанми?” десангиз, тескари қараб кетарди. Шукр, бугун йигитлар ўқитувчи бўлиш орзусида олийгоҳларда таҳсил олмоқда. Мактабларда эркак муаллимлар сафи кенгаймоқда”.
Ниёзмуҳаммад муаллим Миришкор туманидаги 20-мактабида 44 йилдан буён ёшларга сабоқ бериб келади. Фидойилиги боис, бир қатор танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритган. Шунингдек, у 2017 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Айни пайтда ўқувчиларнинг севимли муаллими бўлиш билан бирга жамоасининг малакали устози сифатида ёш ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келмоқда.
Акбар РАҲМОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири