Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-техник тадбирлар натижасида республика ҳудудида тарқалган йирик кибержиноят схемаси фош этилди.

Гумонланувчилар қўлга олинганида ашёвий далил сифатида ўнлаб банк карталари, SIM-карталар ва махсус мобил қурилмалар расмийлаштириб олинган.

Аниқланишича, жиноятчилар Telegram тармоғида яширин бошқариладиган аккаунтлар орқали фуқароларнинг телефонларига зарарли дастурлар — APK-файлларни юборган. Мазкур файллар қурилмага ўрнатилганидан сўнг банк маълумотлари ва пул ўтказмалари учун юбориладиган SMS-тасдиқлаш кодлари жиноятчилар назоратига ўтган.

Ўғирланган маблағларнинг изини яшириш мақсадида улар турли шахслар номига очилган транзит банк карталари ва сохта аккаунтларга ўтказиб келинган.

Тергов давомида ушбу схема оқибатида жабрланган фуқаролар сони республика бўйича 60 нафардан ошгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноий гуруҳга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш, уларни қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш ҳамда жабрланганларнинг ҳуқуқларини тиклаш бўйича чоралар кўрилмоқда.